«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 18:21
ЎЗO‘Z

Коронавирус: Францияда ўлим ҳолатлари кескин ошди, Испанияда яна бир қайғули рекорд

31 мар, 07:07 3 046 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Коронавирус: Францияда ўлим ҳолатлари кескин ошди, Испанияда яна бир қайғули рекорд Фото: Getty Images
Коронавирус жаҳон бўйлаб тарқалишда давом этмоқда, 30 март ҳолатига кўра, вирусдан зарарланиш ҳолатлари 776 мингдан ошган. Шундан 37126 киши вафот этган, 164622 киши соғайган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, жаҳонда вирус тарқалиши тезлашмоқда. 27 март ҳолатига кўра, бутун дунёда вирусдан зарарланиш ҳолатлари 593 мингдан ошиқ эди.

Душанба куни Испанияда коронавирусдан вафот этганлар сони 812 нафарга ошгани хабар қилинди - айни вақтда бу мамлакат Covid-19 қурбонлари сони бўйича иккинчи ўринда, бу мамлакатда жами 7340 бемор вафот этган. Бир неча кун муқаддам қурбонлар сони Хитойдагидан камроқ эди.

Испания Ташқи ишлар вазири Мария Гонсалеснинг сўзларига кўра, вирусдан зарарланиш ҳолатларида сезиларли пасайиш бошланди. Соғлиқни сақлаш вазири Мария Хосе Сиерра ўтган ҳафтанинг пайшанба куни мамлакатда жорий этилган карантин чоралари самара бераётганини айтиб ўтганди: 25 мартга қадар инфекция юқтирган одамлар сони ҳар куни ўртача 20 фоизга ўсган бўлса, ҳозирда бу рақам ўртача 12 фоизлик ўсишни кўрсатмоқда.

Испанияда вирусдан энг кўп зарарланган ҳудудлар Каталония, Басклар ўлкаси ва мамлакат пойтахти Мадрид бўлиб қолмоқда. Душанба куни пандемия билан курашиш бўйича чораларни мувофиқлаштириш маркази директори, доктор Фернандо Симон ҳам вирус юқтиргани маълум бўлди.

Мамлакатда касалланиш ҳолатлари 85 мингдан ортиқ. 16 мингдан ортиқ киши соғайган.

Испания карантин чораларини қатъийлаштирди: деярли барча фуқаролар ишдан озод этилган. Фақат айрим касб вакиллари ишлашда давом этмоқда. Испанияда мутлақ карантин ҳолати март ойи ўрталарида жорий этилганди. Одамларга заруратсиз ташқарига чиқмаслик тавсия этилган.

Ҳозирда Испаниядан кўпроқ ўлим Италияда қайд этилмоқда - Апеннин яриморолида ҳам сўнгги бир кунда 812 киши вафот этди ва жами қурбонлар сони 11 591 нафарга етди. Аммо бу мамлакатда янги зарарланиш ҳолатлари сезиларли даражада пасаймоқда. Душанба куни жами 4050 кишига коронавирусдан ташхиси қўйилди ва бу якшанба кунгидан камроқ. Лекин Италия айни вақтга келиб вирусдан зарарланиш ҳолатлари юз мингдан ошган иккинчи давлатга айланди - 101 739. Шундан фақат 14 620 киши соғайган.

Париж бўшаб қолган. Европанинг бошқа шаҳарлари каби / EPA
30 март куни Францияда коронавирус қурбонлари сони кескин ошди. Франциялик шифокорлар маълумотларига кўра, сўнгги бир кунда шифохоналарда 418 киши вафот этди ва жами қурбонлар сони 3024 нафарга етди. Мамлакатда вирусдан зарарланишнинг 44550 ҳолати қайд этилган - ўлим кўрсаткичи 16 фоизни ташкил этмоқда. Франция ўлим ҳолатлари сони бўйича Италия, Испания ва Хитойдан кейинги тўртинчи ўринда бормоқда.

Мамлакат соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Жером Саломоннинг хабар қилишича, сўнгги бир кунда вирусдан зарарланиш ҳолатлари 11 фоизга ўсган.

Австрияда мажбурий ниқоб

Австриядагиларнинг барчаси ниқоб тақиши мажбурий / AFP
Австрия ҳам уйдан ташқарида ниқоб тақишни мажбурий қилиб қўйган Европа давлатлари қаторига кирди. Ҳафта ўрталарида Австрия ҳукумати супермаркетларга киришда миллионлаб ниқобларни текинга тарқатишни бошлайди. Ҳозирда Австрияда вирусдан зарарланишнинг 9597 ҳолати қайд этилган, 108 киши вафот этган.

Австриядан ташқари, Словакия, Чехия ва Босния-Герцеговина ҳукуматлари ҳам ниқоб тақишни мажбурий қилиб қўйган.

Исроил бош вазири Биньямин Нетяньяху бир қатор ходимлари билан бирга 30 мартдан карантинга кетди. Бунга унинг маслаҳатчиси Ривка Палухда коронавирус аниқлангани сабаб бўлган.

Бош вазирнинг коронавирус бор-йўқлигини аниқлаш бўйича тести манфик натижа берган.

Исроилда ҳам Covid-19 билан курашда янги чоралар жорий этилди, ўтган ҳафтанинг шанба куни юзлаб ультраортодоксал яҳудийлар оммавий йиғилишлар тақиқланганига қарамай дафн маросимида қатнашишгани маълум бўлди. Энди Исроилда жамоат жойларида икки кишидан ортиқ бўлиб юриш мумкин эмас, шунингдек жамоат жойларида ибодат қилишга рухсат берилмайди.

Нефть янада арзонлашмоқда

Фото: Reuters
Душанба куни нефть нархи сўнгги 18 йилдаги энг қуйи даражага тушди. Душанба куни Brent тоифасидаги нефть нархи ICE биржасида бир баррель учун 22,58 долларгача тушди, Американинг WTE нефти нархи эса 20 доллардан ҳам арзон сотилмоқда.

Россия Urals нефтининг денгиз партиялари нархи Шимоли-ғарбий Европа учун CIF етказиб бериш шартларида (Роттердам порти орқали) бир баррель учун 16,2 долларгача пастлаган.

Сўнгги бир ой давомида нефть нархи 50 фоизга пасайди. Экспертлар буни кўплаб мамлакатларда карантин туфайли талаб пасайгани билан изоҳлашмоқда. Аммо сабаблар орасида Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги нархлар уруши ҳам бор, бу уруш Россия ОПЕК аъзолари билан нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш масаласида келиша олмаганидан кейин бошланганди.

Норвегия эса нефть нархига кучли зарба беришга тайёргарлик кўрмоқда: мамлакат Шимолий денгиздаги Йохан Свердруп улкан нефть конидаги хом ашёни нефть бозорига чиқармоқда.

Душанба куни Британиянинг EasyJet лоукостери барча парвозларни тўхтатишини маълум қилди. Пандемия туфайли кўплаб мамлакатлар чегараларини ва аэропортларини ёпмоқда, халқаро рейслар учун талаб кескин даражада тушиб кетган. Компания фаолиятини қачон қайта тиклаши маълум эмас.

Фото: Getty Images
Венгрия парламенти бош вазир Виктор Орбанга фавқулодда вазият даврида қўшимча ваколатлар тақдим этди. Бу ваколатлар доирасида Орбан мустақил фармойишлар чиқариши, унинг ҳукумати эса парламент тасдиғисиз фавқулодда вазиятни узайтириши мумкин.

Британияда тахт вориси, 71 ёшли шаҳзода Чарльз изоляциядан қайтди. У ўзида коронавирус аниқлангач, бир ҳафтани Шотландиядаги Балморал қалъасида алоҳида ўтказди.

Лондондаги Империал коллеж профессори Нил Фергюсоннинг фикрича Британияда вирус тарқалиши секинлашмоқда. У ҳар куни касалхоналарга ётқизилаётганлар сонига асосланиб маълумот берган. «Вирусдан зарарланишлар сони кундан-кунга ўсиб бормоқда, аммо тезлик пасайган», деган профессор BBC эфирида.

Сўнгги маълумотларга кўра, Британияда зарарланиш ҳолатлари 22,1 мингдан ошган, 1408 киши вафот этган.

АҚШда карантин
АҚШ президенти Дональд Трамп карантин чоралари 30 апрелга қадар узайтирилишини маълум қилди. Бу шуни англатадики, америкаликларнинг кўпчилиги пасхани изоляцияда кутиб олади.

Нью-Йорк шаҳрида карантин доирасида қатор кўчалар автомобиллар учун ёпилган
Америкалик экспертлар хавотирли прогнозлар билдиришмоқда. Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо душанба куни коронавирусдан «яна минглаб одамлар ўлиши» ҳақида гапирди. АҚШнинг бош эпидемиологи доктор Энтони Фауччи эса агар бу касаллик юз минг америкаликни ҳаётдан олиб кетса ҳам «ҳайрон қолмаслигини» билдирди.

Президент Дональд Трамп душанба куни коронавирус унинг яқин дўстида ҳам аниқланганини билдирди. «У мендан каттароқ ва оғирроқ. У кучли одам. Биз шифохонага бордик, кейинги кун эса у ҳушини йўқотди», деган Трамп.

Душанба куни АҚШда қўшиқчи ва композитор Алан Меррилл вафот этди.У I Love Rock 'n' Roll қўшиғи ҳаммуаллифларидан бири эди. Унинг ўлими ҳақида фейсбукда қизи маълум қилган.
«Бу тонгда коронавирус менинг отамни олиб кетди», дейилади постда.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари сони 159 589 кишига етди. Шунингдек, шу пайтга қадар инфекциядан 2951 ўлим ҳолати қайд этилган.

Манба: Kun.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • Тожикистонда «Крокус» ҳужумчилари билан алоқадорликда гумонланган 9 киши қўлга олинди 29 мар, 17:17 33
  • Олимлар қашшоқлик миянинг тез қаришига сабаб бўлишини аниқладилар 29 мар, 16:53 14
  • ИШИД ўз тарафдорларини Исроилда ҳужумлар уюштиришга чақирди 29 мар, 16:30 99
  • Россияда «Крокус»даги теракт ҳақида изоҳлар учун қўлга олишлар бошланди 29 мар, 16:03 174
  • Халқаро суд Исроилга мажбурият юклади 29 мар, 15:40 57
  • Франция разведкаси марказий осиёликларни кузатишни кучайтирмоқда 29 мар, 15:15 102
  • Сўнгги янгиликлар
  • Босқинчилик ва одам ўғирлаш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди 29 мар, 17:37 13
  • Тожикистонда «Крокус» ҳужумчилари билан алоқадорликда гумонланган 9 киши қўлга олинди 29 мар, 17:17 33
  • Олимлар қашшоқлик миянинг тез қаришига сабаб бўлишини аниқладилар 29 мар, 16:53 14
  • ИШИД ўз тарафдорларини Исроилда ҳужумлар уюштиришга чақирди 29 мар, 16:30 99
  • Россияда «Крокус»даги теракт ҳақида изоҳлар учун қўлга олишлар бошланди 29 мар, 16:03 174
  • Халқаро суд Исроилга мажбурият юклади 29 мар, 15:40 57
  • Франция разведкаси марказий осиёликларни кузатишни кучайтирмоқда 29 мар, 15:15 102
  • Путиннинг атрофидагилар Украинанинг «Крокус»даги терактга алоқадорлигига ишонмаяпти 29 мар, 14:48 174
  • Ўзбекистон — Гонгконг футбол учрашувидан сўнг уч кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди 29 мар, 14:22 117
  • Ҳибсдан вақтинча озод этилган Дани Алвес тонггача зиёфат уюштирди 29 мар, 14:01 168
  • Тошкентда хавфли ҳолат содир этиб, қарама-қарши ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди 29 мар, 13:30 45
  • Музликларнинг эриши Ернинг айланиш тезлигини ўзгартирмоқда 29 мар, 13:06 206
  • Бўлимлар