«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 25 2024, 15:43
ЎЗO‘Z

Оддий ҳақиқатлар

30 мар, 22:01 70 875 Ҳаёт тарзи
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Оддий ҳақиқатлар Бизга кўринмас зарра уруш эълон қилди. Уни бизга Ким юборганини ҳар биримиз биламиз!

• Инсон эканлигимизни ўзимиз англаб етмас эканмиз, биз учун буни коронавирус бажаради ва бунда, албатта, талофатлар бўлади.

Одамзод сон жиҳатдан ўсди-ю, инсонийлик, диёнат, эътиқод, меҳр-оқибат ва илм-маърифат даражаси, афсуски, орқада қолди! Инсонлар нафс гирдобига ғарқ бўлди.

• Оллоҳ кечиргин, Сен кечиримлисан, деймиз-у, бир-биримизни кечиришни хоҳламаймиз. Вазият шу даражага бориб етдики, ота ўғилни, ўғил отани, она қизини, қиз эса онани кечирмай қўйди. Чин дўстлар юз кўрмас бўлиб кетди. Бу разолат инсониятни фалокат ёқасига олиб келиб қўйди.

Арши аълони ларзага солувчи мудҳиш воқеалар кўпайгандан-кўпайди. Она фарзандини пулга сотди. Ота 2 яшар боласини ўла солиб калтаклади. Катта ўғил отани уриб ўлдирди. Ака укани пичоқлади ва заррача афсус қилмасдан бир неча йиллик қамоққа кетди.

• Жамият тескари қонуниятлар ботқоғига ғарқ бўлди: олийгоҳлар кўпайди-ю, илмли кўпаймади. Мачитлар кўпайди-ю, муртадлар камаймади. Диндорлар кўпайди, бироқ диёнат ҳам йўқолди. Оила марказлари кўпайса-да, ажримлар камаймади. Нега?! Чунки эътиқод йўқ! Эътиқодни эса бир-бирига боғлаб турадиган нарса – бу меҳр-оқибат! Ҳа! Ўша меҳр-оқибат! Ҳадеб, такрорланавериб, сизнинг жонингизга тегиб кетган ўша меҳр-оқибат! Хўш, уни нима йўқотди? Пул! Пул йўқотди! Камбағалдаги меҳр-оқибатни ҳам, бойдаги меҳр-оқибатни ҳам, қулдаги меҳр-оқибатни ҳам, амалдордаги меҳр-оқибатни ҳам фақат битта нарса йўқотди. У ҳам бўлса – Пул! Биз пулни қулига айландик! Алал-оқибат камбағаллик билан бойлик орасида катта жарлик пайдо бўлди. Бу жарлик – НАФС жарлиги!

Жамият заҳарланди, қалблар заҳарланди, пул – буюк кучга айланди. Инсоният эса пулнинг қулига айланди.

• Пул, пул ва яна пул! 24 соатни 20 соатини пул ишлашга сарфлайди, қолган 4 соатида топган пулларини тушида кўриб, роҳатланиб ётади. Оддий инсонлар ҳақига хиёнат қилиб, эртага яна пул ишлагани кетади. Ахир вақтим фақат пул топишга кетаяпти, уни ишлатишга вақт топилмаяптику, деган савол унинг миясига сира келмади. Пулни деб Ота унут бўлди, Она унут бўлди, ака-укалар юз кўрмас бўлиб кетди. Энди-чи?

Дўппини ерга қўйиб, бир мулоҳаза қил! Сен кимсан ўзи! Қулмисан ёки инсон?! Ота деган номга лойиқмисан?! Фарзандмисан ёки гумроҳмисан?! Онангни сўнгги маротаба қачон бағрингга босиб ярим соат ёнида ўтиргансан?! Фарзандларингни қачон эркалатиб ўқиши билан қизиққансан?! Қачон узоқдаги қийналиб яшаётган укангнинг оиласидан хабар олдинг?! Атрофинг тўла иллат ва уни сени ўзинг яратмадингми?!

• Оллоҳни фақат тилингда айтиб, дилингга жо қила олдингми?! Сен ўзи нимадандир қўрқасанми?! Менимча, қари ота-онангни йўқотиб қўйишдан эмас, тўплаган бойликларингни йўқотиб қўйишдан қўрқасан. Аттанг! Минг бора аттанг!

Коронавирус бизни ўлдиришга келмади, кўзимизни очишга келди. Бу бало узоқлашиб кетган инсонларни бир-бирига яқинлаштириш учун келди, йўқолиб бораётган меҳр-оқибатни қайтариш учун келди.

• Коронавирус оиласидан узоқлашиб кетган ота-оналарни оиласига, беғубор болалари бағрига қайтаргани келди. Меҳрга зор бўлиб мункайиб қолган буваю-бувижонлар олдига қайтаргани келди.

Коронавирус очофат инсониятнинг ёвуз хатти-ҳаракатларини тўхтатгани ва табиатни тозалагани келди. Нафақат қўллар ва юзларни, балки қалбларни тозалашни ўргатиш учун келди. Бу зарра бизга Инсонлигимизни англатгани келди.

Мулоҳазани шу ерда тўхтатаман. Чунки ҳали бу ҳақда кўп гаплашамиз. Энди нима қилишимиз ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларимни ўртоқлашаман. Мен кўпроқ фарзандлар ва оилада ўзимизни қандай тутишимиз ҳақида баъзи маслаҳатларни бериб ўтаман.

Бутун дунё бойлиги болага тенг бўлолмас!
«Болам Сени яхши кўраман», денг. «Сен – менинг фахримсан! Сендек ўғлим ёки қизим борлигидан хурсандман. Сен менинг келажагимсан! Сен менинг борлиғимсан! Сенга ишончим чексиз! Сен билан мен бахтиёрман», денг!

• «Мен Сени кечирдим! Мендан ўтган бўлса, сен ҳам мени кечир», деб болангизни бағрингизга босинг, пешонасидан ўпинг. «Ҳамма ҳам хато қилади, беайб Парвардигор», денг. «Биз бир-биримизни кечирсак, Оллоҳ бизни кечиради»...

Ака-укангизга телефон қилинг, уларни яхши сўзлар билан сийланг. Иқтисодий қийналиб қолган бўлса, маблағ билан ёрдам қилинг. Сиз уларни бахтиёр қилсангиз, Оллоҳ Сизни бахтиёр қилади.

• Олишни эмас, беришни ҳам ўйланг. Мана табиатдан фақат олиб келдик, энди табиат биздан ўзига керагини тортиб ола бошлади. Демак, мувозанат бузилган ва у қайта тикланиши керак. Ҳа! Биз инсонлар учун қайта тикланиши керак. Чунки табиат ҳам бизники!

Энди вирус туфайли асаб ва руҳиятни асрашга оид маслаҳатларим билан ўртоқлашсам
Ваҳимага берилманг! Ҳадик бошқа, ваҳима бошқа! Вирусдан ҳадиксиранг, чунки ҳадик – бу руҳият учун ҳимоя функциясини бажаради. Чунки инсон ҳадиксираган нарсага яқинлашмайди, ундан йироқ юришга интилади.

• Ваҳима – кайфиятни туширади, асабийлаштиради ва руҳиятни издан чиқаради. Бундан Сиз ютмайсиз, аксинча ютқазасиз.

Теран фикрлашни ўрганинг! Теран фикр атрофда бўлаётган воқеаларни тўғри таҳлил қилишга ёрдам беради! Бу ерда менинг ўрним нимадан иборат, менга қандай хавф бор, мендан атрофдагиларга қандай хавф бор! Демак, дастлаб ҳар ким шу саволга жавоб топиши керак!

• Бепарволикка берилманг. Хотиржам бўлинг, бироқ бепарво бўлманг! Бепарволик – бу бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни назар-писанд қилмаслик! Бепарволик – нафақат Сизнинг, балки яқинларингиз соғлиғига ҳам ҳавф туғдирадиган вазиятни юзага келтирса, хотиржамлик – аксинча Сизга фикрларингизни бир жойга жамлаб олиб, тўғри қарор қабул қилишга мезон яратади.

Ортиқча хавотирга берилманг! Меъёрдаги хавотир психологик ҳимоя функциясини шакллантирса, ортиқча хавотир – фобияга олиб келади. Фобия – бу мияга ўрнашиб олган ва узоқ давом этувчи қўрқув. Хавотирни ҳам енгил, ўрта ва оғир турлари бўлади. Хавотирнинг енгил ва ўрта тури – бу яхши. Чунки инсонда психологик иммунитетни шакллантиради, ортиқча хавотир эса фобияга сабабчи бўлади. Хавотирни аниқлашнинг оддий усули менинг «Асаб ва руҳият» китобимда ёзилган. Унинг электрон вариантини интернетга қўйганмиз.

• Юқори кайфият ва хушчақчақ инсон олдида ҳар қандай вирус ожиз! Чунки юқори кайфият қондаги Т ва В-лимфоцитларни 20 % га оширади. Қўрқувдан лабга учуқ чиқишини кўз олдингизга келтиринг. Аслидан учуқни вирус чақиради, бироқ у қўрққандан кейин пайдо бўлади.

Мана барчамиз бир дастурхон олдида ўтириб овқатланаяпмиз. Фарзандларимиз бизни меҳримиздан тўйсин. Жовонларда чанг босиб ётган китоблар қўлга олиб ўқилсин, муштарак қалблар бир-бирига яқинлашсин! Ҳар қандай вазиятдан ғалаба билан чиқиб кетиш мумкин. Чингизхонларни мағлуб қилганмиз! Мангуберди ва Темурийлар авлодимиз!

1941-1945 йиллардаги матонатли Ўзбек халқини эсланг! «Сен етим эмассан» фильмини яна бир бор кўринг. Ўша пайтдаги болаларнинг баъзилари ҳалиям тирик. Ҳозирги давр ҳали таҳликали эмас. Одамлардаги қўрқув ва хавотир таҳликали вазиятни яратади холос.
Барча талабларга амал қилайлик. Бир халқ, бир миллат бўлиб бирлашайлик. Бир-биримизга далда бўлайлик!


• Ҳаёт гўзал! Ҳаёт завқли! Табиат мафтункор! Биз вирусни енгамиз! Албатта, енгамиз!

Ҳурмат билан,
«ШИФО-инфо» газетасининг таҳрир ҳайъати аъзоси,
тиббиёт фанлари доктори, профессор, невролог
Зарифбой ИБОДУЛЛЕВ
28 март 2020 йил




Мавзуга оид янгиликлар
  • Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг бешта муҳим қоидаси 25 апр, 12:59 21
  • Сариқми ёки яшил: қайси турдаги банан фойдалироқ? 24 апр, 12:45 215
  • Қайси кундалик одатлар иммунитет пасайишига олиб келишини биласизми? 24 апр, 06:00 121
  • Парҳезшунос узоқ яшаш учун муҳим сирни «очди» 22 апр, 21:30 223
  • Хом гўштни нега ювиб ишлатиш керак эмас? 22 апр, 14:18 352
  • Озиш учун нонуштанинг учта олтин қоидаси 19 апр, 21:00 170
  • Сўнгги янгиликлар
  • Тимур Кападзе матбуот анжуманида Саудия Арабистонига қарши кечадиган баҳс ҳақида нималар деди? 25 апр, 14:39 1
  • Велосипедда сайр қилиш учун 3 сабаб: ёшартиради, оздиради ва умрни узайтиради 25 апр, 14:30 0
  • Тожикистонда 17 ёшли йигитни яшин урди 25 апр, 14:11 1
  • Украиналик модель дунёдаги энг узун сочли аёл сифатида Гиннес рекордлари китобига киритилди 25 апр, 13:43 0
  • Усмон Тошев: "Шубҳасиз, Саудияни ютишни хоҳлаймиз" 25 апр, 13:17 75
  • Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг бешта муҳим қоидаси 25 апр, 12:59 21
  • МИБ ходими ва икки солиқчи жиноят устида ушланди 25 апр, 11:55 55
  • Москва вилояти ҳукумати раҳбарининг собиқ ўринбосари қўлга олинди 25 апр, 11:33 109
  • Атмосфера ҳавосини зарарлаётган 500 дан ортиқ автомобил эгаларига чора кўрилди 25 апр, 11:12 50
  • Хосе Венансио Лопес: Рақибимиз жаҳоннинг энг кучли терма жамоаларидан бири эканини яхши биламиз 25 апр, 11:05 141
  • Ўзганинг номига онлайн қарз олиб, пулини ўзлаштирган шахс ушланди 25 апр, 10:35 53
  • Пентагон Украинага янги ёрдам пакетининг таркибини очиқлади 25 апр, 10:11 153
  • Бўлимлар