«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 16 2024, 15:50
ЎЗO‘Z

Вадим Абрамов: Халқаро саҳнадаги ўйинларни қачондан бошлаб ўтказишни ФИФА ҳал этади

28 мар, 00:15 2 682 Спорт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Вадим Абрамов: Халқаро саҳнадаги ўйинларни қачондан бошлаб ўтказишни ФИФА ҳал этади Коронавирус туфайли юртимизда ҳам фуқароларнинг ўта зарурат бўлмаган ҳолатда уйдан чиқмаслиги борасида қатъий равишда огоҳлантиришлар бериб борилмоқда. Натижада аксарият фуқаролар ҳозирда карантин сабабли ўз уйларида қолмоқдалар. Бу борада Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Бунёдкор” клуби бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам асосий вақтини уйда ўтказмоқда. Албатта, юз берган бундай ҳолат туфайли мураббий сифатида унинг ҳам режаларини тубдан ўзгартириб юборди.

Ҳолбуки, вакилларимиз ушбу ойда жаҳон чемпионати саралаши доирасида Яманга қарши ўйинни ўтказишлари лозим эди. Вазият ўзгариб кетгани сабабли барча ўйинлар тўхтатилган. Футболчилар эса ўз уйларида индивидуал тарзда машғулотлар олиб боришмоқда. Вадим Карленович билан ўзаро суҳбатимиз давомида шунга ўхшаш масалалар ва терма жамоамизнинг кейинги режалари хусусида гап борди.

- Вадим Карленович, айни пайтда футболсиз ўзингизни қандай тасаввур қиляпсиз?
- Ҳа, бу нафақат мен, балки ҳамма учун оғир ҳамда мураккаб вазиятдир. Албатта, ишсиз қолиш яхши эмас. Кишининг бунга кўникиши эса оғир бўлади. Лекин инсон ҳар нарсага мослашар экан. Қолаверса, шундай кўрсатмалар берилган, биз фуқароларнинг бурчимиз эса буни бажаришдир.

- Бундай пайтда футбол ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам сиғмай қолади. Шундай бўлса-да, “Бунёдкор”даги шогирдларингиз билан гаплашиб турибсизми? Уларга якка тартибда шуғулланиш учун топшириқлар бергандирсиз?
- Карантин даврида футболчиларга индивидуал тарзда шуғулланишлари учун керакли кўрсатмаларни берганмиз. Табиийки, “Бунёдкор” ҳам Суперлиганинг бошқа клублари сингари бизга берилган кўрсатмалар асосида йўл тутган. Тошкентдан бўлмаган вакилларимиз, кимдир Фарғонада, яна кимдир бошқа вилоятда ўзига топширилган кўрсатмалар асосида индивидуал тарзда шуғулланишяпти. Умид қиламизки, ўйинчиларимиз ўзларига топширилган бундай вазифани бажармоқдалар. Ҳа, биз мураббийлар футболчилар билан тез-тез боғланиб, керакли йўл-йўриқ ва кўрсатмаларни бериб боряпмиз.

- Ҳаммаси ортда қолиб, чемпионат ўйинларига яна рухсат берилганида футболчиларингизнинг ортиқча вазн билан қайтишларидан хавотирда эмасмисиз?
- Ўйлаймизки, ўйинчиларимиз шунингсиз ҳам ҳақиқий профессионал сифатида ҳаммасини тўғри тушуниб, тўғри бажаришга ҳаракат қилмоқдалар. Албатта, айни чоғда ўз уйларида бўлиб турган йигитларимиз керакли тарзда жисмоний ҳолатларини бир маромда ушлаб туриш устида ишлаётган бўлсалар керак. Кейинчалик вазият изига тушиб, ўйинлар бошлашга рухсат берилса, бир ҳафта, максимум икки ҳафта ичида ҳамма ишни йўлга қўйиб олиш мумкин.

- Ўзингиз ҳозирги жараёндаги карантинни қандай ўтказяпсиз?
- Афтидан, клубимиз аъзолари ҳам ҳамма қатори ўз уйларида ўтирган бўлсалар керак. Жумладан бизда ҳам шундай. Керакли нарсаларни сотиб олиш учун баъзи-баъзида ташқарига чиқиб турибман холос.

- Афсуски, терма жамоадаги режаларингиз ҳам буткул ўзгариб кетди. Энди вазият ижобий томонга ўзгаришини кутишдан бошқа чора йўқ. Шундай экан, қандай янги режалар тузмоқчисиз?
- Ҳозирча биз режа хусусида тахминан гаплашиб олганмиз. Шу аснода режадаги Арманистон ва Яман терма жамоаларига қарши ўтказиладиган ўйинларни мос равишда июнь ойининг 4- ва 9-кунларига кўчирганмиз. Лекин барибир ҳаммаси умумий вазиятнинг қандай тус олишига боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлашим керак. Ахир бу бутун дунё ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солиб қўйган мураккаб ҳолатдир. Халқаро саҳнадаги ўйинларни қачондан бошлаб ўтказишни ФИФА ҳал этиши керак бўлади. Шундан сўнг ОФК бу масалада бир тўхтамга келиб олишини унутмаслик керак.

- Ҳозир адашмасам биргина Белоруссия чемпионати давом этяпти. У ерда эса ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев ўзини кўрсатишни бошлади. Футболчимизни кузатишни бошлагандирсиз-а?
- Ҳа, сўзсиз Яхшибоевнинг фаолияти қандай кечаётганини легионер мақомида бўлган бошқа вакилларимиз қатори диққат билан кузатиб боряпмиз. ТВ орқали унинг ўйини намойиш этилди. Яхшибоевнинг майдондаги ҳатти-ҳаракатлари менга ёқди. Ҳа, у Ўзбекистон терма жамоасига номзодлардан бири бўлиб қолишда давом этаверади. Асосийси, Яхшибоевнинг ишлари жойида эканлигидан биз мураббийлар хурсандмиз.

- Энди ҳаммаси жуда тиғиз графикка тушиб қолади. Чунки чемпионатни давом эттириш, бу ёқда эса терма жамоамизнинг ўйинлари...Бундай пайтда эса сизга янада машаққатли бўлиши турган гап.
- Ҳа, мен бунга дастлабки кунларданоқ тайёр эдим. Шунинг учун бу борада бирор мураккаб вазият юзага келгани йўқ. Ҳозирча клубда ҳам, терма жамоада ҳам ишламаяпмиз. Қачон ишлашни бошласак, қаршимизда кейинчалик қандай йўл тутиш борасида ҳаммаси ойдинлашади. Яна қайтараман: ҳаммаси умумий вазиятнинг қандай тус олишига боғлиқ.

- Шунингдек, учинчи турдан кейиноқ чемпионатимизда истеъфолар ҳам бошланди. Мураббий сифатида бунга қандай қарайсиз?
- Мураббийлар истеъфосининг мавсум бошиданоқ юз беришими?

- Ҳа, шундай. Айтайлик, Александр Хомяков “Андижон”ни расман тарк этди...
- Бундан таажжубга тушиш ярамайди. Қолаверса, истеъфо мураббийнинг қисматига айланиб улгурган. Мураббийларнинг ишини эса раҳбарият баҳолайди. Менга маълум бўлишича, Хомяков ўзига бегона бўлмаган жамоага қайтади. Лекин унинг нима сабабдан ишдан бўшаганлигини ўзидан, клуб мутасаддиларидан сўраб билган маъқул. Чунки вазиятдан воқиф эмасман. Табиийки, раҳбарият клуб олдига қандайдир вазифаларни қўйган, бу вазифа бажарилиши илк турларданоқ сўроқ остида қолгани боис ҳам юқоридагилар шундай тўхтамга келган кўринишади. Футболда узоқ юрган мендек киши учун бундай ишларнинг юз бериб туриши ғайриоддий ҳолатдек кўринмайди.

Шуҳратбек Жўраев
Вадим Абрамов, Бунёдкор




Мавзуга оид янгиликлар
  • Аббосбек Файзуллаев РПЛнинг 24-тур рамзий терма жамоасидан ўрин олди 15 апр, 20:05 116
  • Осиё кубоги U-23. Аббосбек Файзуллаев футболчилар орасида энг қиммати 15 апр, 19:13 332
  • Файзуллаев «Transfermarkt» нашрининг рамзий терма жамоасидан жой олди 15 апр, 18:08 138
  • Хосе Венансио Лопес: "Мақсадимиз – Осиё чемпионлигини қўлга киритиш" 15 апр, 17:47 165
  • Элдор Шомуродов кечаги учрашувдан сўнг нималар деди? 15 апр, 17:30 550
  • UFC 300 иштирокчилари қанча гонорар олгани маълум бўлди 15 апр, 14:19 214
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ўзбекистонда транспорт воситалари экологик назоратдан ўтказилмоқда 16 апр, 14:43 0
  • Исроил Эронга зарба беришдан бошқа чораси йўқлигини эълон қилди 16 апр, 14:20 2
  • Озарбайжон ТИВ Арманистонга чақириқ билан чиқди 16 апр, 13:46 2
  • Ўзини ўзи банд қилган шахс «солиқ»да онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин 16 апр, 13:23 12
  • Германия канцлери Украинадаги уруш узоқ давом этишига ишора қилди 16 апр, 13:00 38
  • Полша ва Беларус чегарасида ноқонуний муҳожирлар сони ортиб бормоқда 16 апр, 12:39 33
  • Тадқиқот: жуда қийин уй вазифаларининг фойдасидан зарари катта 16 апр, 12:12 29
  • Бухоро вилоятида «Нексия-3» автомашинаси букланиб қолди 16 апр, 11:50 137
  • ҲАМАС нима учун келишувдан бош тортди? 16 апр, 11:30 126
  • "Долларфуруш"ларга қарши катта "ов" бўлиб ўтди 16 апр, 11:15 86
  • Давлат хавфсизлик хизмати маклерларга қўшиб мансабдорларни ҳам қўлга олди 16 апр, 11:02 165
  • Тожикистон Туркия фуқаролари учун виза режимини жорий этди 16 апр, 10:46 41
  • Бўлимлар