«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 02:24
ЎЗO‘Z

Рауф Инилеев: Ҳа, "Андижон" таклиф билан чиқди, лекин...

24 мар, 09:51 3 062 Спорт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Рауф Инилеев: Ҳа, "Андижон" таклиф билан чиқди, лекин... “Андижон” клуби бош мураббийсиз қолганлигини яхши биласиз. Нафақат Александр Хомяков, балки у билан бирга ишлаган Жамшид Саидов ҳамда Николай Минчев ҳам клуб билан хайрлашишган. Шу боис клуб бошқа мутахассисларнинг номзодларини кўриб чиқаётгани сир эмасди. Маълумотларга қараганда, андижонликлар анчадан бери ишсиз юрган Рауф Инилеев вариантига ҳам эътибор қаратишган.

Ўз вақтида “Андижон” клубини бошқарган ушбу мутахассис яна собиқ клубига қайтадими? Рауф Талгатовичга кўпроқ маслаҳатчи мураббий сифатида кўз тикишганлиги борасида ҳам эшитгандик. Биз эса вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Инилеев билан боғландик. Мураббий мазкур масала бўйича ўзининг фикр ва мулоҳазаларини атрофлича билдирган ҳолда клубдан чиндан ҳам таклиф бўлганлигини, лекин ўз навбатида бу чорлов амалга ошмаганини ҳам таъкидлади.

“Агар менга чемпионат бошланмасдан олдин таклиф билан чиқишганида бошқа гап эди”
- Ҳа, улар менга қўнғироқ қилишди ва ўз таклифларини айтишди. Аммо бунга жавобан ўйлаб олишим учун бироз вақт беришларини сўрагандим. Қолаверса, ҳозирги юзага келган вазият жуда ғалати. Мавсум бошланганидан сўнг атиги учта тур ўтди ҳамки, “Андижон”да бош мураббий ўзгариши билан боғлиқ муаммо юзага келди. Чунки чемпионат старт олганидан сўнг бор йўғи учта ўйин ўтказилгач, бош мураббийнинг ишдан кетиш ҳақида ариза ёзиши камдан-кам содир бўладиган воқеадир. Бу масалада асосий муаммо кимда ёки нимада эканлигини билиб олиш мақсадга мувофиқдир.

“Андижон”нинг омадсиз стартида ким айбдор: Хомяковми ёки бутун жамоа? Боз устига клубнинг молиявий аҳволида ҳам муаммолар кўплигини ҳамма яхши билади. Хомяков кетдими, демак клубдаги муаммо бартараф қилинмаган. Футбол ичида узоқ йиллардан бери юрганим учун нима деяётганимни яхши биламан. Мураббийни ишга таклиф этиш учун мавсум бошланганидан кейин эмас, балки бошланиши олдидан таклиф этиш керак. Агар менга ҳам чемпионатга старт берилмасдин олдин шундай таклиф билан чиқишганида бошқа гап эди.

Чунки ўз нуқтаи назаримдан ва тажрибамдан келиб чиққан ҳолда жамоани мавсумга тайёрлаган бўлардим. Ҳозир эса бундай ишлар билан шуғулланишга анча кеч. Бундан ташқари, таркибга бирор-бир янги ўйинчини киритишнинг вақти ўтган. Шундай экан, “Андижон”даги вазият чиндан ҳам ҳар томонлама мураккаб кўриниш олган. Чунки айни пайтда ниманидир ўзгартиришнинг умуман иложи йўқ. Ростини айтсам, ўз ишининг устаси бўлган мураббийга бундай таклиф билан чиқиш бироз ғайриоддий кўринади.

Боя айтганимдек, мавсум бошланмасидан менга шу ишни топширмоқчи бўлишганидами, барча масалани атрофлича ҳал қилиб олган бўлардим. Яна шуни алоҳида эътироф қилиш керакки, раҳбариятнинг ишончи мураббий фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Натижалар яхшиланиши учун олдиндан шунга тайёргарлик кўриш керак. Клубни бошқариш ҳақида менга таклиф билан чиққанларида оилавий шароитим туфайли буни дарҳол қабул қила олмаслигимни ҳам айтдим. Чунки бундай ишлар бирданига ҳал қилинмайди.

“Футболда бошқаларнинг хатосини тўғрилашдан мушкулроқ иш йўқ”
- Яна такрорлайман, мураббийни танлаш масаласига жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш керак. Бундай шошилинч чорловдан сўнг ўзимни худди ёнғинни ўчиришга чақирилган ўт ўчирувчидек ҳис қила бошладим. Йўқ, ишлар бундай қилинмайди. Қолаверса, мен энди футболни такомиллаштириш устида кўпроқ ишлаб, анчадан бери фаол мураббийликдан четда юрибман. Футболда бошқаларнинг хатосини тўғрилашдан мушкулроқ иш йўқ. Бунинг учун вақт керак. Мураббий ўзига етарли вақт берилган тақдирдагина кутилган натижаларни кафолатлай олиши мумкин бўлган жамоани шакллантира олади.

“Бошлаган ишимни ярим йўлда ташлаб кетиш ачинарли бўлган”
- Ёдингизда бўлса, бир неча йил олдин “Андижон”да ишлаганман. Ўшанда жамоа қуйи лигада иштирок этарди. Ўшанда клуб мусобақа жадвалининг 5-поғонасида борарди. Орадан маълум вақт ўтганидан кейин эса биринчиликда танаффус юзага келиб, йиғинларни ўтказишимизга тўғри келди. Ўша йиғин бошланиши олдидан эса раҳбарият томонидан буни рисоладагидек ташкил этиш учун маблағ йўқлиги маълум қилинган. Бу худди бошдан совуқ сув қуйиб юборишдек таъсир қилган.

Мен ўшанда мутасаддиларга майли маошларимда узилишлар юзага келадиган тақдирда ҳам йиғинни ўтказиш учун маблағ топиб беринглар, деб илтимос қилгандим. Лекин рад жавобини олгач, клубдан кетишимга тўғри келган. Яширмайман, бошлаган ишимни ярим йўлда чала ташлаб кетиш жуда ачинарли бўлган. Чунки ҳаммаси яхши суръатда кечаётган бир паллада кутилмаганда салбий томонга ўзгариб кетган. Вазият шундай тус олгандики, ўшанда оддий машғулотни ўтказиш учун маблағнинг ўзи топилмасди. Бундай паллада эса мураббий учун кетиш энг тўғри йўл бўлади.

“Фаолиятим давомида етарлича танқидларга учраганман”
- Биздаги айрим клубларда мураббийлар ўзгариши тез-тез кузатилаётгани шундан далолат берадики, у ерларда вазият яхши эмас. Яъни, раҳбарият билан ўртадаги муносабатда ўзига хос муаммо юзага келган бўлади. Афсуски, бугунги “Андижон”даги аҳвол ҳам шундан далолат беряпти. Мен ёш мураббий эмасман. Футболда кўп нарсани кўрдим, паст-баландни ўргандим ва шунга яраша тажриба тўпладим. Мураббий сифатида қониқарсиз натижалар учун жавобгарликни бўйнимга олиб, етарлича тана-дашном ва танқидларга учраганман.

Бундан нолимоқчи эмасман. Чунки шундай ҳол исталган мураббийда юз бериши мумкин. Мутасаддилар билан мураббийлар штаби вакиллари ўртасидаги ишчи муносабатнинг юзага келиши вазиятнинг ижобий кўриниш олишини таъминлайди. Қолаверса, ҳамкасбимнинг хатоларини тўғрилаб ишни тўхтаган жойидан давом эттириш – бу менинг усулим эмас. Мураббийнинг қисмати турли тасодифларга тўла. Бугун ҳамма Абрамовни энг яхши мураббий сифатида кўрсатиб, терма жамоа рули шундай кишига топширилганидан хурсанд юриши мумкин.

Лекин Абрамовнинг яқин ўтмишда “Нефтчи” клуби устози сифатида қандай омадсизликларга учраганини эсланг. Албатта, Вадим Абрамов – яхши мутахассис. Бироқ асосий муаммо унда бўлмаган. Акс ҳолда Саркисян “Нефтчи”дан кетмаган бўларди. У ҳам Фарғонада маҳаллий клубни бошқариш учун етарлича шарт-шароитлар йўқлигини тушунгач, кетишдан бошқа чора топа олмаганди.

“Ўзим тайёрламаган ва танламаган футболчилар билан ишлашни тасаввур қила олмайман”
- Мураббийлик – ўта мураккаб касб. Негаки, киши шу ролда ўзини синашга киришар экан, фаолияти давомида қувончли дамлардан кўра машаққатли пайтлар кўпроқ юз беришини тушуниб туради. Мураббийлик инсондан фидойиликни талаб қилади. Шу сабаб ҳар ким ҳам мураббий бўла олмайди. Ўзим тайёрламаган, ўзим танламаган футболчилар билан ишни қандай бошлашим мумкинлигини ҳеч тасаввур қила олмайман. Мен буни масалага нотўғри ёндашув деб ҳисоблайман.

“Раҳбарларнинг ҳаммаси ҳам футбол одами ҳисобланмайди”
- Жиддий айтадиган бўлсам, ҳозирда “Андижон”га келишим мумкинлиги борасида аниқ бир нарса дея олмайман. Ўзингиз кўрдингиз, “Навбаҳор”да мураббийни ишдан олишди, кейин эса орадан кўп ўтмай уни яна ортга қайтаришди. Бу эса ўз навбатида раҳбарларнинг ҳам, мураббийларнинг ҳам етарли даражада асабийлашишларига сабаб бўлади. Ўзимни хаёлан Канчельскиснинг ўрнида тасаввур қилиб, ўша дамларда унга қанчалик оғир бўлганлигини ич-ичимдан ҳис қилганман. Яна шуни айтишим керакки, биздаги клубларнинг тепасидаги раҳбарларнинг ҳаммаси ҳам футбол соҳаси одамлари ҳисобланмайди. Шунинг учун мана шундай муаммолар юз бериб туради. Лекин ҳар доим ва ҳар қачон натижа учун жавобгарлик мураббийнинг зиммасига тушади. Шу боис атрофдагилар клуб ичида қандай ишлар юз берганидан бехабар ҳолда фалончи мураббий ўзи яхши эмасди, деган нотўғри хулосага келишади.

“Хомяков кетишга қарор қилдими, демак муаммо ҳал этилмаган”
- Тўғрисини айтсам, охирги учрашувларнинг деярли ҳаммасини томоша қилдим. Асосийси, аксар ўйинчиларда ғалаба учун иштиёқ яққол сезилиб турди. Тушунишимча, 3-тур бошланиши олдиданоқ Хомяков “Андижон”нинг муаммолари жиддийлигига шаъма қилиб ўтиб, бежиз бу ҳақда тўхталмаган. Ўйиндан сўнг у раҳбарлар билан учрашаман деганди. Хомяков “Андижон”дан кетишга қарор қилибдими, демак ўша учрашув кутилган даражада чиқмаган ва муаммолар ҳал этилмасдан қолаверган.

“Кўпни кўрган мураббий сифатида шошма-шошарликка йўл қўя олмайман”
- Ҳозир қаршимда бир қанча вариантлар бор. Лекин мен кўпни кўрган мутахассис сифатида бундай пайтда шошма-шошарликка йўл қўя олмайман. Бундай шошилиш ёшларга хос. Агар менга мавсум охиригача ишлашни таклиф қилишса, ярим йил ўтганидан сўнг кетишимга тўғри келишини сезган ҳолда нега бундай таклифга рози бўлишим керак? Уч кун олдин менга шу масалада мурожаат қилишганида ўйлаб олишим кераклигини билдиргандим. Бугун мана яна қўнғироқ бўлди ва уларга оилавий шароитим туфайли бу таклифни қабул қила олмаслигимни жавоб тариқасида етказдим.

Шуҳратбек Жўраев




Мавзуга оид янгиликлар
  • Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради 28 мар, 23:27 36
  • Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди 28 мар, 22:56 28
  • Суперлига. “Динамо” “Металлург” устидан иродали ғалабага эришди 28 мар, 22:51 35
  • Ўзбекистонлик беш нафар ҳакам Қатардаги U-23 Осиё кубогида фаолият олиб боради 28 мар, 18:49 92
  • Тошкентнинг “Бунёдкор” клубига янги бош мураббий тайинланди 28 мар, 17:00 244
  • Сенсация кўтарган боксчи Баҳодир Жалолов олдида “ип эшолмади”, бироқ... 28 мар, 00:00 1 090
  • Сўнгги янгиликлар
  • «Крокус»даги теракт иши бўйича яна бир киши ушланди 29 мар, 00:30 50
  • Нима учун «Крокус»да керакли паллада хавфсизлик кучлари йўқ эди? 29 мар, 00:11 58
  • Зеленский: “Агар снарядлар етарли бўлмаса, Украина Россия ҳужумини қайтара олмайди” 28 мар, 23:45 48
  • Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради 28 мар, 23:27 36
  • Мижозларни 1,8 млрд долларга алдаган криптовалюта биржаси асосчиси 25 йилга қамалди 28 мар, 23:04 33
  • Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди 28 мар, 22:56 28
  • Суперлига. “Динамо” “Металлург” устидан иродали ғалабага эришди 28 мар, 22:51 35
  • Нима учун олимлар аёлларга вақти-вақти билан йиғлаб туришни тавсия қилади? 28 мар, 22:22 33
  • Кирилл Буданов: “Россия ўз ҳудудида теракт тайёрланаётганини камида бир ой олдин билган” 28 мар, 21:56 165
  • Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар 28 мар, 21:29 274
  • Жаҳон банки: Ўзбекистон иқтисодиётидаги гендер тенглик 700 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкин 28 мар, 21:02 23
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 46
  • Бўлимлар