«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 24 2024, 04:29
ЎЗO‘Z

«Қани, айтингчи...» — UzAuto Motorsʼга оғир саволлар

17 мар, 12:10 5 843 Авто
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
«Қани, айтингчи...» — UzAuto Motorsʼга оғир саволлар Токи автозавод бозор қонунлари бўйича ишламас экан, у барча ислоҳотларга кўланка бўлиб тураверади.
Чорак асрки «миллий ғуруримиз», «миллий брендимиз» деган ном остида халқнинг «қонини ичиб» келган автосаноатимизни хонадонларимиз эшикларини тақиллатиб, «арзонгина машиналар бор ака, илтимос, олинглар бошланғич 10 фоизини тўласангиз бўлди, қолганини 5 йилда фоизсиз бўлиб тўлайсиз», дейдиган даражага тушириш имконияти пайдо бўлмоқда.

Бунинг учун бутун халқ, қонуншуносларимиз енг шимариб ишга киришса, ҳукумат бу «чириган оғриқ тиш»дан воз кечишга қарор қилса бўлгани.

Йиллар давомида «миллий брендимиз»нинг сақлаб туриш учун адоғи йўқ субсидиялар, саноқсиз имтиёзлар бугунги кунга келиб абас кетганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Одамлар битта автомобиль олиш учун йиллаб, мисқоллаб пул йиғишади. «Дамас» олиб юк ташиб тирикчилик қиламан, рўзғор тебратаман, дея хорижда ишлаётганлар қанчадан қанча! Бу ахир одамларни очиқ-ойдин хўрлаш эмасми?

Ўзи не мақсадларда очилган эди бу автозавод? Халқимизни арзон машиналар билан таъминлаш, миллионлаб инсонларнинг орзусини ушалтириш, қолаверса хорижга валюта чиқиб кетишининг олдини олиш учун эмасмиди?

Лекин амалда нимани кўрмоқдамиз? Бир гуруҳ одам автосаноатни миллат бошига кулфат даражасига келтириб бўлишмадими?

Халқ учун барча танлов эшикларини беркитган, мутлақ монополист бўлган заводнинг ҳеч қачон ошкор қилинмайдиган яширин олди-бердиларини амалга ошираётганларни ким деб аташ мумкин?

Ўзингиз ўйланг: завод тўлиқ давлатники бўлса, у хориждан ёки ўзимиздан амалга ошираётган харидлар давлат харидлари мақомида бўлса, нега бошқа давлат харидлари шаффоф, очиқ-ошкор бўлар экан-да, буларники яширин? Хўш, кимдан нимани яширяпти булар?

Миллат номидан гапирадиганлар: очиқланглар, қани кўрайлик, қайси эҳтиёт қисмларни қаердан неча пулга олиб келяпсизлар? Ҳисоб-китоб қилайлик. Телефонимизнинг калькуляторига солиб…

Мен ноҳақ бўлиб, буларнинг бутун тутуми ҳаппа-ҳалол бўлса, кимдан ва нимадан қўрқишади? Ошинг ҳалол бўлса — кўчада ич, деганлар!

Биламиз, қимматбаҳо эҳтиёт қисмларнинг аксарияти Жанубий Кореядан келтирилади. Қани айтингчи, ўша «запчасть»ларни неча пулдан оляпсизлар? Транспортировкаси қанчага тушяпти? Нархларини ҳам билайлик, ахир. Кореялик ҳамкасбларимизни ҳам суриштирувга қўшайлик. Қани, буларнинг ўша корейс ҳамтовоқларининг «сомонхона»си қаергача экан?

Кузов ясаладиган «Северсталь» пўлат листлари Россиядан қанчага харид қилинмоқда? 2018 йилда футбол бўйича Россия миллий терма жамоасининг ўртоқлик учрашувларидаги реклама ва ҳомийлик учун неччи миллион доллар маблағ ажратилган? У маблағлар Россиядаги сотувлар (ўзи қанча машина сотилди) ҳисобидан қопландими-қопланмадими? Ёки унинг тўловини ҳам ўзбек халқи чўнтагидан тўлаб бердими? А лаббай?!

Жавоб бериш жуда оғир бўлган саволлар кўп, хуллас.

Жуда кўпчилик «хорижий автомобилларга бож ставкасини камайтириш керак, шунда булар рақобат қилишга мажбур бўляпти», деб ёзмоқда. Бир тарафдан тўғри, қўшиламан. У ҳақида пастроқда фикр билдираман.

Лекин, UzAuto Motors харидларини шаффоф қилиб ҳам мақсадга осонгина эришиш мумкин. Миллат номидан гапирадиган, халққа бошқа танлов қолдирмаган монополист албатта ҳар бир тийини учун халқ олдида ҳисоб бериши шарт!

Чунки улар машина учун олдиндан халқ пулини йиғиб олиб, ўша пулни тасарруф этиб, кейин машина етказиб бермоқда.

Аввалги йиллардаги машинани долларга сотиш, автосалондаги «шапка»лар, сунъий навбатлар каби «қон сўришлар»ни эслашга ҳам ҳожат йўқ. Шу кунларни ҳам кўрдик, начора... Аслида буларнинг аллақачон қилиниши керак бўлган ҳозирги ишларни пеш қилиб, русча айтганда, «одолжение» қилаётгани янада кишини ғазаблантиради.

Қизиқ, нега депутатларимиз, сенаторларимиз ҳукуматдан буни талаб қилишмайди? Нега партиялар етакчилари монополист томонга ўтиб гапиради? Бу ундайлар халқдан оладиганини олиб бўлди, энди 5 йил халқнинг зарарига ишлайверса бўлади деганими?

Бозор учун курашаётган ҳалол тадбиркорлик субъектидан фарқли ўлароқ, харидор учун танловларни чеклаган монополист бойиш учун албатта таннархни оширувчи ноўрин харажатларни кўпайтиради. Бу эса ўз-ўзидан нархлар қиммат бўлишига олиб келади.

Машина заводлари худди атай қилингандек транспортировка учун ўта ноқулай жойларда қурилган: Асакада ва Питнакда. Масалан, «Дамас»ни Хоразмда ишлаб чиқариш учун унинг бутловчи қисмлари Андижонда ясалиб, мамлакатнинг нариги чеккасига — Хоразмга элтилади. У ердан «Дамас» ё «Лабо» андижонлик харидорга келтириб берилади. Буларнинг барчасида ноўрин ва ўзини оқламаган транспортировка харажатлари бор.

Албатта, заводни ёпиб юбориш керак эмас. Лекин уни бозор қоидаларига мос равишда ишлашга мажбурлаш ҳам керак. Ахир етар энди, чорак аср эркаланганлари.

Ўзбекистон автобозорида рақобат муҳитини яратиш ҳақида икки оғиз қисқача фикрим
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда қўшни давлатларнинг машина бозорларидаги нархларни ҳам эълон қила бошлашди. Тан олиш керак, кўрсатилаётган видеодаги машиналарнинг барчаси эски.

Бизда хорижий машиналар учун чегара ёппасига очилса — автобозоримиз қўшниларникидек, эски-туски машиналарга тўлиб кетиши турган гап.

Лекин, камроқ бож эвазига жаҳон брендларига фақат янги машиналарни юртимиздаги автосалонларда сотишга рухсат бериш керак. Кўчаларимиздаги асосан амалдорларни ташиб юрадиган яккам-дуккам қора «Каптива»-ю, «Малибу»лар ҳисобга олинмаса, асосан оқ рангдаги 5-6 хил машиналар, бир хиллик ҳамманинг ҳам жонига теккандир?

Пешонаси шўр ўзбек ҳам яп-янги «Тойота», «Мерседес», «BMW», «Мицубиси», «Ҳёнде», «Мазда», «Шкода», «Мерседес», «Опел», «Киа», «Пежо», «Рено», «Фольксваген», «Ситроэн», «Фиат» ва «Форд» каби машиналарни миниб кўрсин энди!

Ана шунда анави бир гуруҳ ҳам аслида нима ишлаб чиқараётганини кўрган, билган, сезган ва ҳис қилган бўлар эди.

Биз бозор иқтисодиёти қуряпмиз. Бозор қонунларини инкор этувчи, халқни талаш эвазига монополистларни бой қилувчи муваққат ва соғлом ақлга зид қоидалардан иккиланмасдан воз кечиш керак. Автозавод бозор иқтисодиёти бўйича ишламас экан, қилинаётган барча саъй-ҳаракатлар, барча ислоҳотлар бекор. Кўланка ташлаб тураверади…

Ўйлайманки, қонуншуносларимизда ҳам, ҳукуматимизда ҳам бу ишни тез фурсатларда амалга ошириш учун куч ва ирода топилади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
журналист




Мавзуга оид янгиликлар
  • Ўзбекистонда ўтган уч ойда қанча автомобиль ишлаб чиқарилган? 22 апр, 18:53 126
  • Damas учун онлайн контрактация очилади 22 апр, 16:22 168
  • Ўзбекистон автомобиль бозорида кетма-кет учинчи ой фаолликнинг пасайиши кузатилди 20 апр, 14:03 135
  • На что обратить внимание при покупке машины в салоне? 18 апр, 10:25 70
  • Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги автомобиль заводи фаолияти билан танишди (фото) 08 апр, 20:30 368
  • Ўзбекистонда электромобилларга ўтиш тенденцияси қандай кетяпти? 03 апр, 20:28 201
  • Сўнгги янгиликлар
  • Россия дунёдаги биринчи водород ёқилғили автомобилни тақдим этди 24 апр, 00:40 64
  • Шомуродовнинг келишини бу жамоа мухлислари интизорлик билан кутмоқда 24 апр, 00:13 127
  • Тимур Кападзе: "Рақибимиз Саудия бўладими ёки бошқа бир жамоа, биз ўз мақсадимизга эришишимиз керак" 23 апр, 23:48 47
  • Вьетнам футзал термаси бош мураббийи: "Ўзбекистон — турнир фаворити" 23 апр, 23:20 52
  • Ироқ ОТЖ бош мураббийи: "Чорак финалда осон рақиб бўлмайди, энг муҳими бор кучимизни ишга солиш" 23 апр, 23:03 55
  • U-23 Осиё Кубоги. Ўзбекистон терма жамоаси Вьетнам устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди (видео) 23 апр, 22:44 90
  • Аббосбек Файзуллаев бирданига учта совринга даъвогар 23 апр, 22:24 168
  • Саудия Арабистони ОТЖ бош мураббийи: "Икки йил аввалги мусобақада Вьетнамни ҳам, Ўзбекистонни ҳам мағлуб этганмиз" 23 апр, 22:20 135
  • Хосе Венансио Лопес: "Ярим финалга чиқиш учун Вьетнамга қарши учрашувда назоратни қўлга олишимиз талаб этилади" 23 апр, 22:02 84
  • Афғонистондаги далаларга чигирткалар ҳужум қилди 23 апр, 21:44 85
  • Мутахассис Тошкент ҳавосини ифлослантирувчи асосий манбалар нима эканини айтиб ўтди 23 апр, 21:21 169
  • Crocus терактида айбланаётган тожикистонлик Далержон Мирзоевнинг ота-онаси ўғли ҳақида гапирди 23 апр, 20:53 473
  • Бўлимлар