«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 14:54
ЎЗO‘Z

Электромобиллар даври: Ўзбекистон қандай босқичда?

17 мар, 11:37 6 473 Авто
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Электромобиллар даври: Ўзбекистон қандай босқичда? Фото: Google Photos
Бугунги кунда электромобиллар ишлаб чиқариш зарурияти автомобилсозлар учун стратегик масалага айланмоқда. Яқинлашаётган янги даври ҳақида «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов маълумот беради.

UzAuto Motors томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобиль нархларининг кескин оширилиши охирги ҳафтада ижтимоий тармоқларда катта резонанс берди. Фақат энг эринчоқ одамларгина бу ҳолатга муносабат билдирмади десак бўлади. Хуллас, бу ёқда нефть бозори касодга учраб, бошқа тарафда эса коронавирус сабабли жаҳон иқтисодиёти орқага кетаётган бир пайтда ҳақиқатан ҳам мантиққа сиғмайдиган нарх кўтарилиши фақат UzAuto Motors’дагиларнинг ўзини хурсанд қилди холос.

Лекин эътиборингизни нарх ошишига эмас, бошқа масалага қаратмоқчимиз.

UzAuto Motors ишлаб чиқарадиган автомобиллар ва ҳозирда жаҳон бўйлаб ҳаракатланаётган деярли барча автомобиллар бу – ички ёнув двигатели асосида, яъни бензин, дизель ёки газ ёқилғиси ёқиб ҳаракатланадиган машиналардир. Мақоланинг қисқа моҳиятини айтадиган бўлсак, анъанавий бензин ва газда юрадиган автомобиллар замонаси якунланмоқда! Узоғи билан яна икки ўн йиллик ва улар ўз ўрнини электромобилларга бўшатиб беради.

Ёдингиздами, 10–15 йиллар олдин мобил телефонлар энди оммалашаётган пайтда телефон аппаратлари бозори Nokia’дан бошлаб Siemens, Motorola, Philips, Sony Ericsson ва ҳоказолар билан тўла эди. Сиз у пайтда Apple ва Xiaomi аппаратларини эшитмагансиз ҳам. Сабаби жуда оддий: тугмали оддий телефонлар замонасида бозорда ўз ўрнига эга бўлган юқоридаги компаниялар смартфонлар замонасига келиб бозор учун оммабоп таклифлар бера олмади ва ҳозирда мобил алоқа технологиялари бозорида уларни деярли учратмайсиз. 2010–2012 йилларда тугмали телефонларнинг замонаси аллақачон якунланди ва смартфонлар даври бошланди. Автомобиллар бозори билан ҳам шунга ўхшаш вазият содир бўлиши кутилмоқда (ва у аллақачон бошланган).

Бозорни электромобиллар билан забт этишни Tesla бошлаб юборди. Биргина 2019 йилнинг охирги чорагида компания 104 891 дона электромобил сотган. Ва бу борада Tesla ёлғиз эмас. Кўпчилик электромобиль деганда биринчи навбатда Tesla’ни тасаввур қилади. Лекин электромобиллар аллақачон Jaguar, Audi, Mercedes ва Porsche каталогларида ҳам бор.

Ҳозирча фақат Porsche ишлаб чиқарган модел бозорда Tesla билан рақобатлаша оладиган даражада арзон чиққан ва техник жиҳатдан афзалликларни ҳам ваъда қилмоқда (хусусан, Porsche Taycan модели атиги 22 дақиқада 80 фоиз зарядланиши мумкин ва тўлиқ заряд олиши учун 1 соат кифоя қилади – сиз қаҳва ичиб бўлгунингизча машинангиз яна йўлга тайёр бўлади).

Фото: Google Photos
Лекин бу бошқа автоконцернлар вазиятга шунчаки томошабин сифатида қараб ўтирибди дегани эмас.

Умуман олганда, йирик автоконцернлар электромобиллар бозорига юрак ютиб қараб тургани аниқ. Бизга таниш анъанавий автомобиллар ишлаб чиқарадиган заводлар ёппасига электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтмаётганининг энг катта сабаби конвейер линияларини электромобилларга мослаш учун ўн миллиардлаб доллар сармоя керак бўлиши билан боғлиқ.

Қолаверса, электромобиль ишлаб чиқариш учун лойиҳалаш ва конструкторлик мутахассислари, йиғиш усталари ва ишчи ходимлар керак бўлади. Заводда бирваракайига бунча малакали ишчи топишнинг эса иложи йўқ. Айнан шу омиллар ҳозирча жаҳоннинг йирик автомобилсозлик корхоналарини бироз тутиб турибди. Шунга қарамай, бизни электромобиллар замонасига олиб ўтадиган техник инқилобга жуда яқин қолди.

Бир пайтлар чиқинди газлар миқдорини камайтириб кўрсатадиган қаллобликка эга дастурий таъминоти учун маломатга қолган Volkswagen ўз репутациясини тиклаш йўлида тинмай уринмоқда ва аввалига эълон қилган – 2025 йилга келиб бир миллионта электромобиль ишлаб чиқариш билан боғлиқ стратегик режасини ўзгартириб, энди 2023 йилдаёқ ушбу кўрсаткичга эришмоқчи. 2025 йилдан бошлаб эса улар йилига 1,5 миллион донадан электромобиль ишлаб чиқариб, бозорда ўз улушини эгаллашни кўзлаган.

Volkswagen’нинг ID.3 электромобили шу йилнинг ёзида сотувда пайдо бўлади. Немислар бу борада кўзлаган марралари улкан: улар жаҳон электромобиль бозорининг байроқдор етакчиси бўлмоқчи. Ва бунга жиддий киришишди – концерн электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 33 миллиард евролик лойиҳани бошлаб юборишди. Шу жумладан, бутун Европа бўйлаб 36 мингта зарядлаш станцияси барпо қилиниши кўзда тутилмоқда. Концерн эндиликда газда юрадиган машина ишлаб чиқаришни тўхтатишини ҳам эълон қилди.

Фото: Google Photos
General Motors’нинг режалари эса бундан ҳам баландпарвоз. Концерн раҳбарияти нутқидан тўғридан-тўғри иқтибос келтирадиган бўлсак, у «Биз ҳаммани электромобилларга ўтказмоқчимиз ва бунинг учун бизда ҳамма нарса бор», деган маънода янгради. Компания шу йил январида Сан-Францискода ўзининг илк электромобили – Cruise Origin моделини оммага намойиш қилди. Йил якунида Bolt EV номли модел савдога чиқарилиши режа қилинди. Компаниянинг 2021, 2022 ва 2023 йиллар ичида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилган яна бир нечта электромобиль модели мавжуд.

Энг камтарона ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йил бошида электромобиллар бозори 5,6 миллион донани ташкил қилган бўлса, йил охирига келиб бу кўрсаткич деярли 8 миллионтага етди. Lux Research компанияси прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб, жаҳон бўйлаб электр батарейкалари бозорининг йиллик айланмаси 546 миллиард долларга етади.

Бу электромобиль ишлаб чиқарувчилари билан параллел равишда ривожланиши ва арзонлашиши керак бўлган аккумулятор ва уни зарядлайдиган қурилмалар ишлаб чиқарувчиларининг ҳам ошиғи олчи бўлади демакдир. Ўша 546 миллиард долларлик йиллик сарфнинг 74 фоизини жаҳон бўйлаб ҳаракатланаётган электромобиллар ҳиссасига тўғри келади ва улар умумий ҳисобда жами аккумуляторлар электр сиғимининг 91 фоиз қисмини эгаллайди.

Хўш, йирик автоконцернларнинг электромобиллар ишлаб чиқариш борасида отни қамчилашга тушганининг сабаби нима деб ўйлайсиз? Албатта, иқлим ўзгариши, экология муаммолари каби сабаблар табиий равишда кўрсатилади. Қолаверса, нефть ва газ нархининг беқарорлиги ва ёқилғи ишлаб чиқарилиши ҳамда етказиб берилиши йирик сиёсий ўйинларда ричаг воситага айланаётгани ҳам важ қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Аммо нефть ва газ ҳам бир кун келиб тугайди. Электромобилларга ўтилиши бир пайтлар тугмали телефондан ёппасига смартфонга ўтилгани сингари муқаррар жараёндир. Автоконцернларнинг электромобиль ишлаб чиқаришга ўтиши ва ялпи реклама компанияларининг ҳам бошланганининг жиддий сабаби бор. У ҳам бўлса яшаб қолиш учун курашдир. Улар бугун отни қамчиламаса, эртага ички ёнув двигателли машиналари билан биргаликда тарихга айланади. Бозордаги улушини бой беради ва касод бўлади. Шу сабабли ҳам ҳозирда улар учун электромобиллар стратегик масалага айланди.

Ўзбекистонда ҳам электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида ҳаракатлар аллақачон бошланган. Қўқонда 2023 йилдан бошлаб электромобиль ишлаб чиқарилиши режаси борасида «Дарё» аввал хабар берган эди. Хонободда (Андижон вилояти) ҳам электромобиль ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши ҳақида хабарлар мавжуд. Инновацион ривожланиш вазирлиги эса Қозоғистон билан ҳамкорликда электромобиль ишлаб чиқариш режаларини муҳокама қилганди.

Бу лойиҳаларнинг амалга ошиши ва Ўзбекистон ҳам жаҳон автомобилсозлик тенденцияларидан ортда қолмаслиги муҳим. Эндиликда электромобиллар ишлаб чиқарилиши автомобилсозлар учун стратегик масалага айланди. Ҳаммаси яқин икки ўн йилликда кўз ўнгимизда содир бўлади. Шундай экан, UzAuto Motors’га ва унинг нарх сиёсатига жиғибийрон бўлаётган юртдошларимизга яқин ўрта муддатли келажак учун режалар тузишда электромобилларни ҳам инобатга олишни тавсия қиламиз.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
электромобил, UzAuto Motors




Мавзуга оид янгиликлар
  • UzAuto Motors автомобилларидан бирига шартнома беришни бошлайди 28 мар, 18:02 216
  • АҚШ автомобиллар учун тарихдаги энг қатъий экостандартларни жорий этмоқчи 24 мар, 06:09 101
  • “Бу ўзбекистонликларни аёвсиз талаш дегани” — фаоллар электромобиллар импортига чеклов қўйилишидан норози 19 мар, 18:02 896
  • UzAuto Motors нархлар ошмаганини маълум қилди 12 мар, 18:23 185
  • UzAuto Motors автомобиллар нархи оширилишини эълон қилди 12 мар, 16:09 320
  • Энди транспорт воситасини нотариал идорага бормасдан сотиш мумкин 08 мар, 15:56 358
  • Сўнгги янгиликлар
  • Тошкентда хавфли ҳолат содир этиб, қарама-қарши ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди 29 мар, 13:30 4
  • Музликларнинг эриши Ернинг айланиш тезлигини ўзгартирмоқда 29 мар, 13:06 49
  • Полшада Россия жосуслик тармоғи иши бўйича тинтувлар ўтказилди 29 мар, 12:39 38
  • Samsung ўз тарихидаги энг яхши селфи камерали смартфонни намойиш этди 29 мар, 12:12 22
  • Вадим Абрамов: "Бундай сифатли ва савияли футболчига доим таркибда жой топилади" 29 мар, 11:50 102
  • Чехия европалик сиёсатчиларни Россиядан пора олиш схемасини фош этганини даъво қилмоқда 29 мар, 11:20 88
  • Шомуродовнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди 29 мар, 10:53 236
  • Сўровнома: Нурсултон Рўзибоев 1-раунддаёқ рақибини "ухлатиб" қўяди 29 мар, 10:25 122
  • Роналдунинг либосини кийган таниқли блогер Мессига алоқадор ресторандан ҳайдаб юборилди 29 мар, 10:02 133
  • Сирдарёда эгизакларини бир хонали уйга алмаштирмоқчи бўлган ота-онага ҳукм ўқилди 29 мар, 09:36 75
  • Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудлари тошқинлар туфайли сув остида қолди 29 мар, 09:08 124
  • Ўзганинг фотосуратлари устига ҳақоратли сўзлар ёзиб, ижтимоий тармоқда тарқатган аёл ушланди 29 мар, 08:48 121
  • Бўлимлар