«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 23 2024, 17:47
ЎЗO‘Z

Қуёш тизимидаги ғалати сайёра. 13 март – Уран кашф қилинган кун

13 мар, 15:45 5 022 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Қуёш тизимидаги ғалати сайёра. 13 март – Уран кашф қилинган кун Фото: Google Photos
Бугун Қуёш тизимидаги яна бир сайёра – Уран кашф қилинган кун. Сана тарихи ва қизиқарли фактлар ҳақида «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов маълумот беради.

Қадим замонларда одамлар осмонда фақат 5 та сайёра бор деб билган. Булар Меркурий, Венера, Марс, Юпитер ва Сатурн сайёралари эди. Чунки уларни тунги осмонда қуролланмаган кўз билан ҳам (яъни телескопсиз) кўрса бўлади. Шу сабабли сайёраларнинг мунажжимлар луғати орқали бизга етиб келган шарқона – Муштарий, Зуҳро, Миррих, Зуҳал ҳамда Уторуд каби номлари мавжуд.

Ҳисоб бўйича энг олис сайёра Сатурн бўлган. Ундан нарида ҳам Қуёш системасининг яна йирик сайёралари мавжуд бўлиши эҳтимоли эса кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмаган. Бироқ 1610 йилдан эътиборан Галилей ўзи ясаган телескопда тунги осмонни кузатар экан, одамзод кўзидан панада бўлган, оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган объектлар ҳам кашф этила бошланди. 1610 йилнинг ўзида Галилей Юпитернинг тўртта энг йирик табиий йўлдошини очган эди.

Унинг бу муваффақияти катта ва кичик расадхоналарда янгидан янги кузатув компанияларининг бошланишига асос бўлди. Кейинги йилларда олимлар бошқа йўлдошларни, хусусан, Сатурннинг йўлдошларини аниқлади. Лекин Сатурндан нарида бутун бошли йирик сайёрага дуч келиниши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди.

Даставвал 1690 йилда Жон Фелмстид исмли астроном Бузоқ юлдуз туркуми фонида Уранни нақ олти марта кузатди. Бироқ унинг хаёлига бу объект, аслида, Қуёш тизимига тегишли сайёра экани ҳақидаги фикр мутлақо келмади. У буни ҳам шунчаки Бузоқ юлдуз туркумидаги юлдузлардан бири деб қайд этиб қўяверди. Чунки унинг телескопи анча заиф бўлиб, сайёрани аниқ ва тиниқ кўриш имконини бермади, шунинг учун телескопда уни бошқа юлдузлардан фарқлаш имкони бўлмади.

Кейинчалик 1750–1769 йиллар орасида фаранг астрономи Шарль ле Монер ҳам Уранни 12 маротаба кўрди. Бироқ у ҳам бу объектни юлдуз деб қабул қилди. Чунки телескоп мукаммал эмас эди. Кузатилаётган объект катта сайёра экани аниқлангунича, у турли астрономларнинг кузатишларида камида 21 марта намоён бўлди. Аммо ҳар сафар уни юлдуз деб ўйлаб, эътибор берилмади.

Фото: Google Photos
Келиб чиқиши немис бўлган инглиз астрономи Уильям Гершель Британиянинг Бат шаҳридаги ўз уйи ҳовлисидаги боғда ўзи лойиҳалаб ясаган телескопида кузатишлар олиб борди. У ўша пайтда юлдузлар параллаксини аниқлаш борасидаги тажрибаларда иштирок этаётган эди. 1781 йилнинг 13 март куни тунда Уильям Гершель биринчи марта Уран сайёрасини кўриб қолди.

Унинг қайдларида бу санада Уран ҳали сайёра сифатида эмас, балки «нотаниш комета» сифатида қайд этилган. Гершель ҳам аввалига Уранни бирор комета деб ўйлади. Бироқ кейинги кунлардаги кузатишларга қараб, Гершель бу объект комета эмаслигини пайқади. Чунки у осмонда юлдузлар фонида худди сайёралар сингари ҳаракат қилаётган эди! Гершель ўз телескопининг линзасини оптик кучи каттароғига алмаштириб, уни янада синчиклаб кузатишни давом эттирди.

Натижада унга намоён бўлган осмон жисми юлдуз ҳам, комета ҳам эмас, балки сайёра эканига амин бўлди. Чунки у юлдузлардан фарқли равишда бир маромда ҳаракатланиб, эклиптика текислиги бўйлаб жойини ўзгартираётган эди. Қолаверса, комета дейиш учун унинг «думи» ва «калласи» бўлиши лозим эди. Ваҳоланки, Гершель кузатаётган бу объектда «дум» ҳам, «калла» ҳам йўқлигини телескоп равшан кўрсатиб турганди. Шунда Гершель Қуёш тизимидаги илгари номаълум бўлган сайёрани кўриб турганини фаҳмлаб қолди!

Бу одамларнинг Қуёш тизими ҳақидаги тасаввурларини ўзгартириб юборган оламшумул кашфиёт эди. Демак, осмонда биз билмаган сайёралар ҳам бўлиши мумкинлиги, илмий кузатувлар орқали уларни кашф қилиш кераклиги ҳақидаги фикрлар жамият олдидаги илм-фаннинг обрўсини ошириб юборди.

Гершель Уранни 13 март куни кашф қилган бўлса-да, оммага эълон қилишга шошилмади. У олимларга хос мулоҳазакорлик билан ўз кузатувларини қайта-қайта синчиклаб текширди ва хато қилмаётганига амин бўлгач, ўша йилнинг 26 май санасида Қироллик жамиятида ахборот берди. Унинг ахборотида сайёранинг координатлари ва бошқа астрономларнинг кузатишлари орқали тасдиқланган параметрлари илова қилинган эди.

Фото: Google Photos
Оламшумул кашфиёт бутун Европа илмий доираларида фурор кўтарди. Англия қироли Георг III томонидан Гершель тантанали қабул қилинди ва унга умрбод 200 фунт-стерлинг миқдоридаги ойлик маош тайинланди. Бунга жавобан астроном олим мазкур янги очилган сайёрага «Қирол Георг III сайёраси» номини беришни таклиф қилди. Франциялик астроном Лаланд эса сайёрани уни кашф қилган олим шарафига «Гершель сайёраси» деб аташ фикрини илгари сурди.

Бироқ биз билган сайёраларнинг барчасининг номи (Ердан ташқари) қадимги Рим афсоналаридаги қаҳрамонлар номи билан аталади ва агар Гершель кашф қилган сайёрага қирол ёки Гершелнинг номи берилганда юқоридаги қоида бузилган бўлар эди. Шу сабабли немис астрономи Иоганн Боде ҳиссиётга берилмасликни ва янги сайёрага ҳам таомилга кўра Рим ёки юнон мифологиясидан келиб чиқиб ном бериш фикрини ўртага ташлади.

Юнон мифологиясида Сатурн Юпитернинг отаси сифатида гавдаланади. Шу мантиққа биноан Боде янги сайёрани мифологиядаги Сатурннинг отаси бўлмиш Уран номига аташни таклиф қилди. Астрономлар ўзаро ёзишмаларда янги сайёрани Уран деб номлашни деярли ўша пайтданоқ бошлаган бўлса-да, то 1823 йилгача турли манбаларда уни баъзан «Георг юлдузи» ва баъзан «Гершель сайёраси» сифатида ҳам қайд этилиши давом этди. 1823 йилдан сайёрага Уран номи расман бириктирилди.

Уран – Қуёш тизимидаги ўзига хос ғалати сайёра. У бошқалар сингари ўз ўқи атрофида ғарбдан шарққа эмас, балки шимолдан жанубга қараб айланади. Шунга кўра Уранда кун ва тун давомийлиги 42 йил атрофида бўлади (яъни Ураннинг бир куни 42 Ер йилига тенгдир!).

Катталиги жиҳатдан Уран Қуёш тизимида Юпитер ва Сатурндан кейин учинчи ўринда туради. Уран Қуёш атрофини 84 йилда бир марта тўлиқ айланиб чиқади. Сатурн сингари Ураннинг ҳам атрофида ҳалқалари мавжуд. Фақат унинг ҳалқаси жуда сийрак ва ингичка бўлганидан кучли телескопларда ҳам деярли кўринмайди. Ураннинг ҳалқалари фақат 1977 йилга келиб кашф этилди. Сайёранинг 27 та табиий йўлдоши ҳам аниқланди.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Россия дронлари Одессага ҳужум қилди: 9 киши жароҳат олди 23 апр, 15:26 25
  • Америка Урушни ўрганиш институти: Россия Харкив аҳолисини шаҳардан қочишга мажбурламоқчи 23 апр, 14:36 44
  • Еврокомиссия TikTok'га нисбатан иккинчи текширувни бошлади 23 апр, 11:23 26
  • Тайванда ўнлаб кучли зилзилалар содир бўлди 23 апр, 10:30 89
  • АЭХА раҳбари: Эрон атом бомбасини яратишга яқин турибди 23 апр, 10:04 137
  • Туя сути кундалик эҳтиёжга айланиши кутиляпти 23 апр, 09:39 217
  • Сўнгги янгиликлар
  • Uzcard ва Humo терминаллари интеграцияси тест режимида ишга туширилди 23 апр, 16:31 0
  • Ўзбекистон ва Британия ТИВ раҳбарлари ҳамкорлик тўғрисида иккита ҳужжат имзолади 23 апр, 16:00 0
  • Россия дронлари Одессага ҳужум қилди: 9 киши жароҳат олди 23 апр, 15:26 25
  • Америка Урушни ўрганиш институти: Россия Харкив аҳолисини шаҳардан қочишга мажбурламоқчи 23 апр, 14:36 44
  • Солиқ қўмитаси қанча аёл таксичилик билан шуғулланишини маълум қилди 23 апр, 14:14 42
  • Жиззах вилоятидаги мактабларнинг бирида ўқувчилар «феодалча» жазоланди 23 апр, 13:52 53
  • Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Ўзбекистонга келди 23 апр, 13:18 31
  • Ашурматовнинг ҳайдалиши муҳокамаларга сабаб бўлмоқда 23 апр, 12:51 330
  • Деновдан Тошкентга қараб «йўлга чиққан» сифатсиз гўшт тўхтатиб қолинди 23 апр, 12:31 43
  • Тожикистон ва Қирғизистондан ўтказилган гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди 23 апр, 12:08 24
  • Ўзбекистон Озарбойжонда анорзорлар барпо этишни режалаштирмоқда 23 апр, 11:48 36
  • Еврокомиссия TikTok'га нисбатан иккинчи текширувни бошлади 23 апр, 11:23 26
  • Бўлимлар