«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 00:16
ЎЗO‘Z

Коронавирус ваҳимаси: Қўрқувни енгиш учун касаллик ҳақида нималарни билиш керак?

11 мар, 18:52 4 420 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Коронавирус ваҳимаси: Қўрқувни енгиш учун касаллик ҳақида нималарни билиш керак? Фото: Getty Images
Коронавируснинг сайёрада тарқалиши ҳақидаги маълумотлар янгиликлар орасида биринчи ўринни эгалламоқда, турли давлатлар карантин жорий этмоқда ва буларнинг барчаси баъзи жойларда инсонларни ғайритабиий қарорлар қабул қилишга ундаяпти — масалан, кўплаб миқдорда ҳожатхона қоғози сотиб олиш ёки алкогол касалликдан ҳимоялайди деб ҳисоблаш.

Қуйида коронавирусдан керагидан ортиқча ҳайиқмаслик учун у ҳақида нималарни билиш кераклиги ҳақида эслатиб ўтилади.

Албатта, янги хавфли инфекцияни эътиборсиз қолдириш мумкин эмас — турли давлатлар расмийлари вируснинг кўпинча жуда қатъий бўлган олдини олиш чораларини кўриб тўғри қилишмоқда.
Аммо ваҳима қўзғашнинг ҳам ҳожати йўқ. Йўриқномаларга амал қилиб, шахсий гигиена ҳақида ўйлаш яхшироқдир.

Коронавирус нима?
Одам ва ҳайвон организмида касаллик уйғотувчи вирусларнинг катта оиласи. Бир қанча коронавируслар нафас йўлларини касаллантиради: оддий шамоллаш кўринишидан тортиб, SARS (бошқа номи, атипик пневмония)га ўхшаган оғир синдромлар келтириб чиқаради.
Янги аниқланган вирус COVID-19 (Coronavirus decease 2019) 2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Ухань шаҳрида тарқалишни бошлаган.

Ҳаммамиз ўламизми? Йўқ
Шифокорлар Covid-19’дан ўлим даражаси оддий гриппникига қараганда юқорироқ эканлигини тан олишмоқда. Аммо аниқ рақамлар ва бошқа тафсилотларга эътибор бериш зарур.
Жонс Ҳопкинс номидаги Америка тадқиқот университети коронавирус тарқалишининг интерактив ва тезкор харитасини тузди.

Америкаликлар томонидан тўпланган ушбу маълумотлар, хусусан, янгиликларда нисбатан камдан-кам ёзиладиган тафсилотларни эслатиб туради: вирус юқтириб олганларнинг ярмидан кўпи (66 мингдан ортиқ киши) аллақачон тузалиб кетган.

Рўйхатга олинган беморларнинг тахминан 80 фоизида касаллик енгил шаклда кечади.
Чоршанба куни тонгги ҳолатга кўра, дунёда 121 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилди (шу жумладан, Хитойда — 81 минг), вафот этганлар сони 4 378 нафар (шу жумладан, Хитойда — 3 159). Шундай қилиб, ўлим даражаси 3,6 фоизни ташкил қилади.

Вафот этганларнинг аксарияти бошқа касалликлар билан ҳам оғриган жуда кекса ёшдаги одамлардир, ёшлар учун коронавирусдан ўлиш хавфи нолга яқинлиги жуда кўп марта ёзилди.

Бундан ташқари, ўлим даражасини баҳолашда яна бир жиҳатни ҳисобга олиш керак. Шифокорларнинг таъкидлашича, баъзи беморларда касаллик шу қадар енгил шаклда кечадики, улар буни оддий шамоллаш деб ўйлашади ва шифокорга мурожаат қилишмайди. Агар ушбу беморларни аниқлаш ва санаш мумкин бўлса, унда ўлим даражаси сезиларли даражада пасайиши мумкин.

Масалан, Англиянинг бош санитар шифокори, профессор Крис Уиттининг сўзларига кўра, агар барча беморлар аниқланса, ушбу минтақадаги ўлим даражаси 1 фоизни ташкил қилади.

Унда нима қилиш керак?
Ҳозирги вақтда шифокорларнинг кузатувларига кўра, янги вирус яқин мулоқотда ҳаводаги томчилар орқали юқади — масалан, сиздан икки метрдан кам масофада бўлган ва аксираётган (ёки кичик тупук сачратиб гапираётган) одам сизга вирусни юқтира олади.

Бундан ташқари, коронавирусни қаттиқ юзадан юқтириш мумкин (эшик тутқичи ёки метрода эскалатор тутқичи) — бундай сиртларда у икки кун ёки ундан ҳам кўпроқ яшай олади.

Шунинг учун шифокорлар тез-тез ва камида 20 сония давомида қўлларни ювишни, антисептикдан фойдаланишни ва қўллар билан юзга тегинмасликни тавсия қилишмоқда.
Охиргиси аслида деярли имконсиз: кўпчилик одамлар беихтиёр юзларига тегинишади, шунинг учун қўлларни тез-тез ювиш керак.

Хитой ва Шарқий Европада январь ойидаёқ янги вирусдан қутилишда алкогол ёрдам беради, деган ёлғон тарқалганди. Хабарнинг асоссизлиги ўша вақтда исботланган: алкогол иммунитет тизимини сусайтиради, ундан фақатгина қўл ва ташқи юзаларни дезинфекция қилишда фойдаланиш яхшироқдир. Фақат эритмадаги спирт концентрацияси 60 фоиздан иборат бўлиши керак ва ичимликларда бу кўрсаткич жуда кам бўлади.

Касаллик белгилари
Иситма, ланжлик ва қуруқ йўтал. Баъзи касалларда учрайдиган симптомлар: бурун битиши, тумов, мушак оғриқлари, томоқ оғриғи ва ич суриши. Бу симптомлар бошланишида енгил сезилади ва шиддатли бўлмайди. Вирусни юқтириб олганларнинг айримлари юқоридаги бу асоратларни оғир ҳис қилмасликлари мумкин.

Касалланганларнинг 80 фоизи эса махсус муолажаларсиз тузалишади. Юқтирганларнинг олти нафардан бир нафари оғир касалланади ва нафас олиши қийинлашади. Қариялар ва бошқа тиббий муаммолари бор бўлган шахсларда юқори қон босими, юрак касалликлари ва диабет кузатилади.

Касалликка чалинганликни қандай сезиш мумкин?
Қисқасини айтганда, ягона усул бу лаборатория синовидир.
Кўп ҳолларда касаллик қуруқ йўтал ва иситма билан бошланади, бурун оқиши беморларнинг тахминан 5 фоизидагина пайдо бўлади.

Кўплаб мамлакатлардаги шифокор ва расмийлар ўзида Covid19’га шубҳа уйғонган инсонлардан касалхонага боришни эмас (ҳеч кимга юқтирмаслик учун), балки уларга қўнғироқ қилишни тавсия қилишмоқда ёки қатъий сўрашмоқда.

Вакцина қачон пайдо бўлади?
Олимлар бор кучларини сарфлашмоқда, аммо янги дориларни яратиш ва синовдан ўтказиш тартиби шундайки, вакцина камида бир йилдан сўнг тайёр бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, у вақтга бориб ҳозирги авж олиш тўхтаган бўлади.

Аммо вакцина касалликни олдини олувчи восита ва у йўқ бўлган ҳозирги вақтда шифокорлар вирусларга қарши мавжуд препаратлар беморларга қандай таъсир қилишини ўрганишмоқда. Келгуси бир неча ҳафтада етарли миқдордаги маълумотлар тўпланиши билан шифокорлар энг камида Covid-19 кечиши нисбатан оғир ўтаётган беморларни нима билан даволаш яхшироқ бўлишини тушунишга имкон туғилишига умид қилишмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан батафсил кўрсатмалар:

1. Қўлни мунтазам совун билан ювиш ёки спиртли салфеткалар билан артиш.
Нима учун? Совунли сув ёки спирт моддаси вирусларни тез ўлдиради.

2. Аксираётган ёки йўталаётган одамга бир метр масофада яқин бўлмаслик.
Нима учун? Вирусни юқтирган бемор аксириш ёки йўталиш орқали ҳавога вирусли томчиларни сочади ва унга яқин турган бошқа инсон бу томчилар билан нафас олиб вирус юқтириши мумкин.

3. Кўз, бурун ва оғизга қўл билан тегмасликка уриниш.
Нима учун? Қўл теккан жойга вирусли томчилар ёпишган бўлиши мумкин. Қўлга ёпишган вирусли томчилар кўз, оғиз ва бурун орқали кишининг ичига кириб олиши ва бутун организмни касаллантириши мумкин.

4. Ўзингиз ва атрофингиздаги одамлар йўталаётганида ва акса ураётганида оғиз ва бурунларини дастрўмол, салфетка ёки енглари билан ёпиши керак.
Нима учун? Бу респиратор гигиенаси бўлиб, оғиздан сочилаётган вирусли томчиларни ҳавога сачратмасликка уринишни англатади.

5. Вирус касаллиги симптомларини ўзингизда сезсангиз, уйдан чиқмасдан, шифокорга хабар беринг ва тиббий ходимларнинг тавсияларига амал қилинг.
Нима учун? Миллий ва маҳаллий тиббий мутасаддилар яшаш жойингиздаги вазиятни билишади. Телефон орқали хабар берсангиз, тиббий ходим аниқ кўрсатма бериб туради. Бундан ташқари, сиз вирус тарқалиши олдини олган бўласиз.

6. Covid19 тўғрисидаги янгиликлардан бохабар бўлиб туринг.
Нима учун? «Билим кучдир» тамойили бу вазиятда жуда қўл келади. Ишончли манбаларда вируснинг тарқалиш вазияти, таҳликалар, симптомлар, профилактик ва даволаниш муолажалари ҳақида хабарлар бериб борилади.

7. Covid19 энг кўп тарқалган ҳудудлар ҳақида хабардор бўлиб туринг ва у ерларга боришдан тийилинг, айниқса, ёши катталар ва диабет, юрак, ўпка касалликлари бор инсонлар бундан сақланиши лозим.
Нима учун? Вирус тарқалган ҳудудларда касалликни юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлади.

8. Агар вирус тарқалган юртларнинг биридан қайтгач, 14 кун ичида танангиз ҳарорати 37.3 ёки бундан баландроқ бўлса, ёки тумов асоратларини сезсангиз, мутлақо тузалиб кетмагунингизгача уйдан чиқманг. Ўта зарур ҳолатларда, масалан, озиқ-овқат олиш учун, оғиз ва бурнингизни ёпадиган тиббий ниқоб тақиб ташқарига чиқинг.
Нима учун? Бошқалар билан учрашиб юриш ва ҳатто тиббий муассасаларга қатнашдан тийилиш касаллик кенг тарқалиши олдини олади.

9. Агар ҳолатингиз оғирлашиб борса, масалан, иситма тушмаслиги, йўтал ва нафас олиш қийинлашиши кузатилса, маҳаллий тиббий хизматга хабар беринг ва уларга яқин орада қайси мамлакатларга бориб келганингиз ёки кайси чет мамлакатларга чиқиб келган одамлар билан мулоқотда бўлганингиз ҳақида хабар беринг.
Нима учун? Тиббий ходим сизга тезкор муолажа кўрсатмаларини беради ва бу чора касалликнинг кенг тарқалиши олдини олади.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 33
  • Қашқадарё вилоятида судья қўлга олинди 28 мар, 20:20 125
  • Жиззахда энергия ресурсларидан 7,5 миллиард қарздорликлар мажбурий ундирилди 28 мар, 19:31 29
  • Сурхондарёда ЙТҲда ҳайдовчи аёл ва унинг фарзандлари ҳалок бўлди 28 мар, 19:08 206
  • Коррупция даражаси ёмон ва яхши бўлган ташкилотлар эълон қилинди 28 мар, 18:23 79
  • Тошкентда қалбаки долларни сотишга уринган шахслар қўлга олинди 28 мар, 17:17 30
  • Сўнгги янгиликлар
  • Зеленский: “Агар снарядлар етарли бўлмаса, Украина Россия ҳужумини қайтара олмайди” 28 мар, 23:45 1
  • Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради 28 мар, 23:27 5
  • Мижозларни 1,8 млрд долларга алдаган криптовалюта биржаси асосчиси 25 йилга қамалди 28 мар, 23:04 16
  • Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди 28 мар, 22:56 10
  • Суперлига. “Динамо” “Металлург” устидан иродали ғалабага эришди 28 мар, 22:51 19
  • Нима учун олимлар аёлларга вақти-вақти билан йиғлаб туришни тавсия қилади? 28 мар, 22:22 20
  • Кирилл Буданов: “Россия ўз ҳудудида теракт тайёрланаётганини камида бир ой олдин билган” 28 мар, 21:56 137
  • Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар 28 мар, 21:29 239
  • Жаҳон банки: Ўзбекистон иқтисодиётидаги гендер тенглик 700 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкин 28 мар, 21:02 17
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 33
  • Қашқадарё вилоятида судья қўлга олинди 28 мар, 20:20 125
  • «Толибон» Москвадаги теракт ташкилотчиларини йўқ қилишга ваъда берди 28 мар, 20:00 449
  • Бўлимлар