«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 19 2024, 05:14
ЎЗO‘Z

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига қандай ўтилади?

09 мар, 15:14 3 970 Иқтисодиёт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига қандай ўтилади? 2021 йил 1 январдан бошлаб банклар ва йирик солиқ тўловчиларда бухгалтерия ҳисоби МҲХС асосида юритилади.
«Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори 2020 йил февраль ойида расмий матбуотда нашр этилганди.

Унга кўра, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб, бухгалтерия ҳисоби юритилишини Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида ташкил этади ва 2021 йил якунларидан бошлаб, молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлашга ўтади.

Қарорда асосий мақсад - хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш, деб белгиланган.

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) нима учун керак ва улар нималардан иборат?
Инвесторлар ва бошқа молиявий ахборотдан фойдаланувчилар (масалан, давлат органлари, касаба уюшмалари, бизнес-шериклар ва ҳ.к.) ўзларини қизиқтирган ташкилот ҳақидаги маълумотдан манфаатдор бўлади. Бу манфаат эса уларнинг иқтисодий, инвестицион ва ҳуқуқий қарор чиқаришлари заруратидан келиб чиқади.

Мисол учун, улар акциядор киритган маблағлари қанчалик фойда келтириши, бизнес мулки қанчалик ўсгани, қарздорлик ҳолати қандай аҳволдалиги каби саволлар билан қизиқишлари табиий. Ундан ташқари, салоҳиятли инвестор бирор бизнесга маблағ киритиш ёки киритмаслик ҳақидаги қарорини яхшилаб баҳолашга уринади, бунда у ташкилотни иш юритаётган тармоқдаги бошқа ширкатлар билан солиштириб кўришига тўғри келади. Бунинг учун мазкур ташкилотнинг иқтисодий, мулкий ва молиявий ҳолати ва ўтган давр фаолияти натижалари ҳақидаги рақамли ва тушунтириш матнларидан иборат ҳисоботга зарурат туғилади. Айнан шу заруратни таъминлаш мақсадида, маркази Лондонда жойлашган Молиявий ҳисоботлар халқаро стандартлар кенгаши ушбу ҳисобот андозаларини ишлаб чиққан.

Ҳисобот стандартлари молиявий маълумотларга оид ахборотни қандай мезонларга кўра тан олиш, уларни баҳолаш, таснифлаш, ифодалаш ҳақидаги қоидаларни ўз ичига олади. Уларнинг баъзиларини айтиб ўтамиз: МҲХС (IAS) 1 «Молиявий ҳисобот кўринишлари», МҲХС (IAS) 2 «Захиралар», МҲХС (IAS) 16 «Асосий воситалар», МҲХС (IFRS) 15 «Харидорлар шартномаларидан олинган савдо тушумлари», МҲХС (IFRS) 16 «Ижара», МҲХС (IAS) 41 «Қишлоқ хўжалиги», МҲХС (IFRS) 9 «Молиявий инструментлар» ва бошқалар.

Стандартларнинг тўлиқ матнлари ва уларнинг расмий талқинлари Кенгаш сайтида эълон қилиб борилади. Ушбу сайтда стандартларнинг жаҳоннинг деярли барча тилларидаги таржималари бор, жумладан, баъзи стандартларнинг ўзбек тилидаги таржимасини ҳам топиш мумкин.

МҲХС Ўзбекистондаги анъанавий бухгалтерия ҳисоботи қоидаларидан нимаси билан фарқ қилади?
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бозор иқтисодиёти томон ҳаракатига тушди. Бу жараёнда советларнинг бухгалтерия услубларидан воз кечилди ва молиявий ҳисоботлар жаҳонда қабул қилинган тамойилларга ўта бошлади. Жумладан, қонун билан қувватланган турли миллий бухгалтерия стандартлари ишлаб чиқилди, бухгалтерлар уюшмалари қошида халқаро бухгалтерия амалиётларини ўргатиш ва бухгалтерларни сертификатлаш тизимлари шаклланди. Ўзбекистонда юритилган қонунчилик, таълим ва малака ошириш амалиётларининг якуни МҲХС билан тўла уйғунлашувга олиб келиши кутилган эди.

Бироқ МҲХСга ўтиш жараёни чўзилиб кетди. Чунки 2016 йилга қадар Ўзбекистон раҳбариятининг жаҳон иқтисодидан ёпиқ ҳолда қолишга мойиллиги бор эди. Давлатнинг миллий иқтисоддаги ўрни мулкдорлар синфига нисбатан каттароқ бўлган шароитда молиявий ахборотдан фойдаланувчи тараф ҳукумат ташкилотлари, айниқса солиққа тортиш органлари бўлиб қолади. Натижада бухгалтерлик ҳисоботи тизимлари солиқ ҳисоботларини шакллантиришга қаратилади ва ташқи инвестор ва ички мулкдорларнинг ахборотга бўлган манфаатлари кейинги даражага тушиб кетади.

Солиқчи билан инвесторни молиявий ҳисоботда қизиқтирадиган нарсалар бир хил эмас. Масалан, солиқчини ҳисоботда ташкилотнинг даромади кўпроқ акс эттирилиши ва ундан қанча кўп солиқ чиқариш мумкинлиги қизиқтиради. Шу сабабдан ҳам солиқчилик йўриқномаларига кўра корхоналарнинг баъзи харажатлари соф даромадни камайтиришга рухсат бермайди ёки асосий воситалар эскириши нормаларини қатъий чегараларда белгилаб беради, яъни эскириш харажатларни озроқ қилиб ёзишга ундайди.

Инвесторни қизиқтирадиган эса асосий нарса ташкилотнинг реал соф даромади ва активларнинг ҳаққоний қийматидир. Чунки инвесторни бюджетга кўпроқ солиқ ундириш эмас, балки ташкилот қанчалик самарали фаолият юритаётгани қизиқтиради. Шунинг учун инвестор ҳисоботда активларни ҳаққоний қийматда, мажбуриятлар ва харажатларни тўлалигича, шунингдек даромадлар оширилмай кўрсатилишини талаб қилади.

Молиявий ахборотдан кўзланадиган мақсадлар давлат ва мулкдорларда ўзаро мувофиқ бўлмаслиги жаҳоннинг барча мамлакатларда учрайдиган ҳолат. Натижада бухгалтерия ҳисоби икки хил қоида асосида юритилади: бири солиқ ҳисоби, иккинчи молиявий. Бунда гап икки хил, «оқ» ва «қора» ҳисоб ҳақида кетмаяпти. МҲХСга кўра, даромад солиғи учун ҳисобланган соф фойда билан молиявий ахборот учун ҳисобланган бизнес фойдаси ўртасидаги фарқ фойдаланувчиларга очиқ тақдим қилиниши ва тушунтирилиши лозим, шунингдек эҳтимолий қўшимча солиқ ва жарималарга тортишдаги барча жиддий хатарлар ҳам ҳисоботда акс эттирилиши лозим.

МҲХСга ўтиш муаммолари
Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро инвестиция бозорларига чиқиш, шунингдек жаҳондан сармоялар жалб қилишни тезлатиш ва жадаллаштириш йўлига ўтган. Шу сабабдан ҳам МҲХСга ўтиш учун бир-икки йиллик чора-тадбирлар мутасаддиларга юклатилди. Ўйлаймизки, мазкур жараён қисқа муддат ичида осон кечмайди, лекин бундан буён қарорни ортиқча пайсалга солиб ҳам бўлмайди.

Мутахасислар ва ўқув қўлланмалари етишмовчилиги муаммоси мавжудлиги ҳақидаги баҳслар кузатиляпти, лекин вазият таҳлил қилинганда бу майдон буткул бўм-бўш эмаслигини кўрамиз. Бухгалтерлар, аудиторлар профессионал уюшмаларининг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, шунингдек Молия вазирлиги назорати остида ўтказган ўқув лойиҳалари ва бухгалтерларни сертификатлаш тизимлари Ўзбекистонда 90-йилларнинг ўрталаридан буён давом этиб келган эди. Шунингдек, 2000-йиллар бошидан аудит ва консалтинг халқаро ширкатлари бўлмиш «катта тўртлик» (PwC, Ernst & Young, Deloitte, KPMG) МҲХС ва Аудитнинг Халқаро андозалари талабларига биноан Ўзбекистонда фаолият юритиб келмоқда.

Президент қарори ижтимоий тармоқлардаги бухгалтерлар гуруҳларида турли норозилик ва нолишларни келтириб чиқарди. Буни тушуниш мумкин: янги билим ўзлаштириш, янгича ишлашга ўтиш маълум машаққатни талаб қилади. Аммо иқтисодий реаллик шуки, бухгалтернинг ишлаш тарзини молиявий ахборот фойдаланувчилари, яъни инвестор манфаатлари белгилайди, тескариси эмас. Афсуски, кўпгина катта ва кичик ташкилотларда раҳбарлар ва мулкдорлар тушунмайдиган ва уларга керак бўлмайдиган ҳисоб ишлари билан бухгалтерлар ўралашиб юрадилар ва уларни энг кўп қўрқитадиган нарса – солиқ текширувлари. Эндиликда эса янги кузатувчи пайдо бўляпти, бу – инвестор.

Эскича ишлашга ўрганиб қолган бухгалтерлар МҲХС принципларини тушунарсизлик ва ўта мавҳумликда айблашларини кузатиш мумкин. Бунинг асосий сабабларидан бири шуки, янги қоидалар бош бухгалтерни ўзи ишлаб турган ташкилот бизнесини иқтисодчи ва молиячи тарзида тушунишга мажбурлайди. Бундан буён бухгалтерлар орасида ёйилган «экономист эмас»лик «шарафи»и профессионал ғурурга сабаб бўлмай қолади.

Сўзимиз якунида МҲХСнинг яна бир аҳамиятли хусусиятини айтиб ўтамиз, бу андозалар корхона раҳбарларини молиявий ҳисобот ва шунингдек бухгалтерия ҳисоботи билан кўпроқ қизиқишга ундайди, зеро МҲХС талабларига биноан ҳисобланган кўрсаткичлар раҳбарларнинг мукофот тўловларини ёки уларни раҳбарликда қолдириш-қолдирмаслик қарорларини белгилайди.

Президентнинг мазкур қарорини бухгалтерлар ҳамжамияти учун оғриқли бўлсада, Ўзбекистон жамиятининг ривожи учун ўта зарурий чора деб ҳисоблайман.

Жамшид Муслимов
Молиявий ҳисобот, стандартлар




Мавзуга оид янгиликлар
  • Доллар курси янги марра сари яқинлашмоқда 18 апр, 18:48 147
  • Ўзбекистонда 1 грамм олтин нархи 1 млн сўмдан ошди 17 апр, 19:48 114
  • Долларнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 16 апр, 18:57 109
  • Ўзбекистонда хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади 16 апр, 08:14 73
  • Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 15 апр, 19:30 211
  • Кувайт Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сармоя киритмоқчи 13 апр, 17:27 66
  • Сўнгги янгиликлар
  • Геосиёсий зиддиятлар: Ўзбекистон позицияси қандай бўлиши керак? 19 апр, 00:12 94
  • Германияда икки нафар рус жосуси қўлга олинди 18 апр, 23:50 125
  • Россиянинг "қашшоқлашаётган" миллиардерлари 18 апр, 23:30 205
  • Шармандали мағлубиятдан кейин “Барса” ўйинчилари ўртасида зиддият келиб чиқди 18 апр, 23:12 260
  • Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари концерт томоша қилдилар 18 апр, 22:53 99
  • Қозоғистонлик миллиардерлар сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга маблағ ажратди 18 апр, 22:30 123
  • Қондаги шакар миқдорини тартибга солувчи фойдали мева номи айтилди 18 апр, 22:11 149
  • Сенсация! U23 Осиё Кубоги 2-турида Индонезия Австралияни мағлубиятга учратди 18 апр, 21:49 217
  • Марказий Осиё давлатлари 2024 йил ёзи учун Амударё ва Сирдарё сувини тақсимлаб олди 18 апр, 21:45 196
  • Оғабек Собиров, Муножат Йўлчиева, Озодбек Назарбеков ва Юлдуз Усмонова «Тожикистон халқ ҳофизи» бўлди 18 апр, 21:20 164
  • Қирғизистонда инсон аъзоларини сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аниқланди 18 апр, 21:07 218
  • Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон баёнот билан чиқдилар 18 апр, 20:00 332
  • Бўлимлар