«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 20 2024, 00:02
ЎЗO‘Z

Ўзбекистонда ер ислоҳоти — қишлоқларимизда миллион тадбиркор пайдо бўлиши мумкинми?

06 мар, 20:13 4 009 Иқтисодиёт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ўзбекистонда ер ислоҳоти — қишлоқларимизда миллион тадбиркор пайдо бўлиши мумкинми? Қишлоқ хўжалигида давлат режасидан воз кечиш — дадил қадам, аммо бу — масаланинг ярми десак, муболаға бўлмайди. Унда қолган ярми нима? Ер ислоҳоти кутилган натижа бериши учун яна нималар қилиш керак? Келинг, шу ҳақида сўз юритамиз.

Ниҳоят, юз берди! Ер курраси қуруқлигининг олтидан бир қисмида ўтказилган, моддий ва номоддий бойликларнинг деярли барчасини қамраб олган, 100 йил давом этган тажриба якунига етиб, мана энди Ўзбекистонда ҳам унинг охирги меросларидан бири бўлмиш давлат режаси билан юритиладиган қишлоқ хўжалиги ўтмишда қоляпти — Ўзбекистон ҳукумати бозор тамойилларига тўғри келмайдиган, аммо ҳануз сақланиб келаётган ҳолатга барҳам беришга қарор қилди. Президентнинг сиёсий иродаси аниқ янгради — биз бу эскилик сарқитидан воз кечамиз.

«Ислоҳот — нима у?»
«Ислоҳот» — оддий тушунча эмас. Ҳамма гап унинг асосий мақсадига, ислоҳотчининг нимани кўзлаётганига боғлиқ. Агар ислоҳот натижаси ўлароқ кўзга фақат хаёлий мегаиндустрия манзаралари ва келажак мегаполисларининг шарпаси ташланаверса, унда «майда» нарса — Инсонни назардан қочириб қўйиш мумкин. Аслида, ўзгача келажакни айнан инсон ўз қўллари билан барпо қилади. Агар ислоҳотда бу ҳисобга олинмаса, у хаёлот маҳсулидан бошқа нарса эмас.

Бу алфозда ислоҳотнинг асосий шарти — инсонларни катта ишларга руҳлантириш омили бир четда қолиб кетади.

Адолатга бўлган ишончни тирилтириш
Агарда биз ўзбек қишлоқларини чароғон ва фаровон масканларга айлантирмоқчи бўлсак, унда аввало қишлоқ аҳлининг қалбида адолатга бўлган ишончни жонлантиришимиз лозим бўлади. Чунки айнан адолатга ишонч — одамларда келажакка нисбатан умид уйғотади, ўзаро ишонч ва бунёдкорлик, ҳамкорлик муҳитини юзага келтиради.

Тасаввур этинг-а, сизга муттасил адолатсизлик қилинмоқда, бу ҳолда қалбингизда шижоат барқ урадими? Ўзбек қишлоғи ҳозир айнан шундай ҳолатда — бир пайтлар унинг моддий ва қайсидир жиҳатдан ҳатто маънавий таянчи бўлмиш нарсаси — ерини тортиб олишган эди.

«Секин ишга тушувчи мина»
Ўзбек қишлоқлари — муҳити, тартиб-негизи ўзгача бўлган, шаҳарлардан фарқ қиладиган маскан. Бир неча тафсилотлар борки, улар ер ислоҳоти амалга оширилаётганда ҳисобга олинмаса, қишлоқлардаги вазият маънан оғир аҳволга келиб қолади.

Хўш, булар қандай тафсилотлар?
Ерларимиз оммавий мулкка айланганига 100 йил бўлди — ўзбек деҳқони ер унга эркин фойдаланиш учун берилишини бир аср кутди. Шунинг учун эндиги ислоҳотдан кейин ерлар кам сонли «танланган» одамларга тегса, шу ерда ишлашни истайдиган кўпчилик яна «қуруқ қолса» — адолатсизлик юз беради.

Зеро, қишлоқ аҳли асло ўша кам сонли кишилар — амалдаги фермерларни ерларнинг асл эгаси деб қарамайди ва ислоҳот натижасида ундайларнинг юзлаб гектар майдонларнинг эркин фойдаланувчисига айланиб қолишини адолатсизлик ўлароқ қабул қилади. Давлат режаси амалда бўлган вақтларда маънавий муаммо йўқ эди, «фермерлар маҳсулотни давлатга топширишади», деган туйғу ғолиб эди. Аммо давлат режаси бекор қилингандан сўнг ҳолат ўзгаради — «ижтимоий адолат қарор топмади», деган фикр ғолиб келади.

«Бой-камбағал»
Бизнинг ўзига хосликларимиздан бири — ишчи ўз ҳақ-ҳуқуқларини иш берувчи олдида ҳимоя қилиш учун мутлақо дастак ва кўникмага эга эмаслиги. Боз устига, сўз қишлоқ ҳақида кетаётганини, яна бизда шаклланган бойларнинг камбағалларга муносабатини ҳисобга олсак, фақат «танланган»ларга эркин фойдаланиш учун 100 гектарлаб ер беришни кўзда тутадиган ислоҳот натижасида қишлоқларда оғир маънавий-психологик муҳит юзага келиши аён бўлади.

Бир кишига — 100 гектар ер, атрофдаги юзлаб оилаларга эса — ҳеч нима, бу, давлат режаси бекор бўлган ҳолатда оилаларнинг «бой-камбағал»га ажралишига сабаб бўлади. Бу айниқса, аҳолиси зичроқ ҳамда азалдан деҳқончилик маданияти шаклланган ҳудудлар учун ўта сезиларлидир. Гап шундаки, бундай ҳудудларда кўплаб оилалар эркин фойдаланадиган ерлари бўлишини, ҳаётларини ер билан боғлашни исташади. Бу жиҳат билан биз кўплаб бошқа — халқи ерда ишлаш истаги паст бўлган мамлакатлардан фарқланамиз.

Хуллас, қишлоқ аҳлининг аксари қўққисдан салкам ер эгасига айланиб қоладиган, ерни ўзларидан кўра яхши тушунмайдиган баъзи ҳамқишлоқларининг «батрак»ларига айланишни исташмайди.

«Ҳаётий ҳақиқат»
Яна бир ҳаётий ҳақиқат шуки, ҳозирги фермерлар қишлоқ аҳлининг ҳурматига эга эмас. Нега? Чунки кўп йиллаб давом этган маънан оғир вазиятни (хусусан, раҳбарлардан сўкиш эшитишни) ҳамма ҳам кўтаролмади — ўзини ҳурмат қилганларнинг аксари фермерликни топширди. Қолганлар эса — ёки ахлоқсизликларни «кўтарган»лар ёки ҳоким билан «яхши муносабат»да бўлганлар. «Яхши муносабат» эса коррупцион йўллар билан шаклланар эди. Ишлар асосан шу кўринишда эди ва буларнинг барчаси халқнинг кўз ўнгида рўй бериб келди.

«Нима қилиш керак?»
Қишлоқларда, айниқса аҳолиси зич бўлган ҳудудларда, кўплаб оилалар, айтайлик, 3–5 гектар атрофидаги ерни эркин истифода этиш ҳуқуқини олишлари учун имкон яратиш керак. Бу ҳуқуқни олиш танлов шаклида юз берадими ёхуд аукцион шаклида — нима бўлганда ҳам ўша ерларга яқин аҳолида устуворлик ҳуқуқи мавжуд бўлиши керак.

«Тортиб олиш ва бўлиб беришми?»
Ҳа, амалдаги фермерлар билан тузилган шартномалар кучда ва бу шартномаларни ҳурмат қилиш керакдек.

Аммо:
а) аксар ҳолатда бу фермерларнинг ўзлари бошқа фермерларнинг ерларини олиб қўйилиши натижасида ерга эга бўлганлар (яъни шартномаларнинг бузилиши натижасида);
б) фермерларнинг ўзлари ҳам вазият адолатсизлик эканини биладилар;
в) шу тобда масалани ҳуқуқий доирада ҳал қилиш мумкин, зеро, шартномаларда фермер пахта ва буғдой учун ажратилган ерлардан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга эмаслиги ёзилган, яъни, моҳиятан олганда, ер уники эмас.

Демак, модомики ҳукумат давлат режасини бекор қилаётган экан, аввал тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқиш ва пировард натижада кўплаб кичик ер хўжаликларини юзага келтириш мумкин. Бунда амалдаги фермерларга ерларининг бир қисмини (дейлик, 30 фоизини) эркин фойдаланиш учун (нима экишни бу ёғига ўзлари ҳал қилишади) қолдириш мумкин.

Бу имкониятдан ҳозир фойдаланиш керак, кейин қийин бўлади.

Бунинг асосий фойдаси нимада?
Аввало, бу адолатдан бўлади! «Адолат» сўзи иқтисодий луғатларга киритилмаган, аммо биз қишлоқларимизда маънан соғлом муҳитни яратишни истасак, бу жуда муҳим. Бусиз ривожланиш мумкин эмас.

Имкон қадар кўпроқ одамлар ерларда «эга» мақомида ишлаши керак — «ишчи» мақомида эмас. Зеро, миллатга имкон қадар кўпроқ эгалар синфи керак, ёлланма ишчилар синфи эмас. Бойларга таъзим қиладиган ва болаларини шу йўсинда тарбиялайдиган синф эмас, балки тик ва мағрур турадиган онгли тадбиркорлар синфи керак. Бизда ҳозир бу имконият бор.

Ўзбекистон шароитида кичик хўжаликларнинг афзалликлари
Мамлакатнинг аҳолиси зич бўлган ҳудудларида кичик ер майдонларини истифода этувчи тадбиркорлар синфини юзага келтириш қишлоқларда яшовчи минглаб, ўзларида тадбиркорлик истеъдодини олиб юрган, аммо рўёбга чиқаролмаган ёшларнинг истеъдодларини юзага чиқариш имконини беради.

Биз истеъдодлари юзага чиқмаган халқлар ичида юқори ўринларда бўлсак, не ажаб... Истеъдодлар рўёбга чиқмаган, чунки тадбиркорлик қилиш учун воситалар қўлларга берилмаган. Ер эса ҳозирги даврда шунчаки, таъбир жоиз бўлса, картошка етиштирадиган майдон эмас, балки турли бизнес-ғояларни рўёбга чиқариш учун омилдир.

Инсон иқтидорини юзага чиқариш
Инсон иқтидори рўёбга чиқиши учун шароит яратиш — ҳар жиҳатдан аҳамиятлироқ, олижаноброқ ва маҳсулдорроқ иш. Бу, масалан, ерларни мукаммал истифода этиш масаласидан-да муҳимроқ. Майли, ер истифодаси аввалида мукаммалдан пастроқ бўлсин ҳам, майдонларни парчалаш билан боғлиқ мушкулотларни енгиш, кичик ер хўжаликлари учун маслаҳат марказлари яратиш билан боғлиқ харажатлар қилиш лозим бўлсин ҳам, аммо одамларни ижтимоий-иқтисодий фаолликка жалб этиш натижасида мамлакат келажаги мустаҳкам пойдеворга эга бўлади.

Миллатнинг асосий захираси — табиий бойликлар эмас, балки истеъдодли, онгли, тадбиркор инсонлар. Бундай инсонлар ҳар қандай халқда бор, бизнинг халқ эса — истисно эмас. Шу тобда биз тўғри режалаштирилган ер ислоҳоти воситасида халқ ичида мудраб ётган минглаб истеъдодларнинг рўёбга чиқиши учун омил яратмасак — тарихий хато бўлади. Зеро, бунда биз қишлоқларимизда ўрта синфни юзага келтиришни бошлаш ўрнига, уларни маънан оғир муҳитга, ижтимоий таранглик ўчоғига айлантирган бўламиз.

Коронавирус ва ер ислоҳоти
Коронавирус ва Ўзбекистоннинг ер ислоҳоти ўртасида алоқа борми? Топса бўлар экан.

Ҳозирги дунё — катта тезликда ўзгариб бораётган дунё. Гап шундаки, давр чақириқларига нафақат жавоб бериш, балки уларни бироз бўлса-да башорат қилиш мушкул бўлмоқда. Биз том маънода эртага дунё қай кўриниш олишини билмаймиз — на иқтисодий, на ижтимоий, на индустриал, на сиёсий жиҳатдан. Муҳим географик нуқтада, катта сиёсий манфаатлар кесишуви нуқтасида жойлашганимиз боис, эртага ҳозиргидан кўра жиддийроқ масалаларни ҳал қилишимизга тўғри келиши мумкин эмас, деб айтиб ҳам бўлмайди...

100 йил аввал халқимиз дучор бўлган ҳолатга яна бир бор тушмаслигимиз учун, зудлик билан янги авлодни — онгли, яқин келажакда давр чақириқларига дадил жавоб бера оладиган бир авлодни юзага келтиришга киришишимиз керак.

Онгли авлод эса юқори эҳтимол ила онгли, серғайрат, тадбиркор ота-оналардан иборат оилаларда етишиб чиқади. Ва аксинча — замонавий дунёнинг тамойиллари ва механизмларини тушунишга қодир бўлган авлод қора ишчилар — «батрак»лар оиласида вужудга келиши — амри маҳол.

«Оёққа турмоқ учун»
Биз — ҳозирги авлод буюк бўлолмасак-да, ҳақиқий, яхши маънода курашчи миллат юзага келиши учун шароит яратишга қодирмиз.

Ер ислоҳотига икки хил назар ташлаш мумкин. Қандай назар ташлашимиз эса нимани устувор деб билишимиз ёхуд... стереотипларимизга боғлиқ: ёки биз юқори технологик аграр хўжаликлари ҳақидаги журналларда чоп қилинадиган чиройли суратларни ислоҳот мақсади қилиб оламиз, ё ўзимиздаги шароитга назар соламиз ва ҳозирда ўзга иқтисодиётларга арзон ишчи кучи сифатида хизмат қилаётган ёшларга асосий назарни қаратамиз.

Давр чақириқларига жавоб беришга фақатгина ҳушёр, дунёда бўлаётган ишларни кузатиб, воқелик «томирини ушлаб турадиган» авлод қодир. Бундай авлодни эса «ижтимоий иссиқхона»да яшайдиган, маош, иш соати ва «паёк» билан таъминланган кишилардан иборат жамият эмас, балки ижтимоий ва иқтисодий хатарларларни ўз эгнига оладиган, шу боис ўз шахси ва дунёқарашини доимий сайқаллаб турадиган кишилардан иборат фаол жамият қодир.

«Кўчада қолган» генофонд
Кейин. Қишлоқларимизда ҳозирда бир неча миллион расман тўлиқ, амалда эса тўлиқсиз оилалар бор. Оталар чет элда — ишда, Ватанда эса — отасизлик. Миллионлаб оналар фарзандларини ўзлари ёлғиз тарбиялашяпти. Ота тарбияси нима эканини билмайдиган, «тарбиячи»си кўча бўлган бир авлод етишиб келяпти. Ва бу ҳарбий ҳолатда эмас — тинчлик даврида...

Миллионлаб оталар «қора ишчи», «гастарбайтер» мақомини кўтариб юришибди. Бу дегани ўзини қора ишчи боласи деб биладиган, руҳи синиқ миллионлаб болалар ўсиб келяпти, деганидир.

Бундан ташқари, мазкур ёшлар миллат генофондининг, яъни ҳали туғилмаган миллатнинг ота-оналаридир. Баъзи тадқиқотларга қараганда, ота-онанинг руҳий ҳолати янги авлодга туғилишидан анча аввал таъсир этар экан. Яъни ёшларни — келажак авлод ота-онасини руҳий тушкунлик ҳолатида қолдириш бу — кейинги авлодни оғир психоэмоционал комплексларга мубтало қилиш бўлар экан.

Тўғри амалга оширилган ер ислоҳоти бу ҳолатни тузатиш учун имкониятдир. Бу учун эса эътибор марказида ИНСОН туриши керак.

«Камбағаллик билан курашиш»
Камбағаллик муаммосини ҳал қилиш учун аввало «камбағаллик билан курашиш» атамасидан воз кечиш керак. Нега? Чунки бу билан биз инсонларга нисбатан муносабатимизни ўзгартирамиз: «мана булар камбағал, уларни иш жойи ва бошқа нарсалар билан таъминлашимиз керак», деган тушунчадан нари бўламиз. Чунки бундай муносабатда инсонларга нисбатан ҳурматсизлик яширинган. Бундан мутлақо воз кечиш керак.

«Таъминлаш» эмас, балки имкониятларга, тадбиркор бўлиш учун керак бўлган воситаларга йўл очиш керак. Ва, албатта, одамларимиз кўп нарсага қодир эканига ишониш керак. Чунки, бундай ишонч бўлмаса, кечирасиз-у, «ёрдам бериш» асносида халақит қилишдан ўзимизни тия олмаймиз...

Кейин, «камбағаллик билан курашиш» тушунчаси камбағаллик сабабларини таҳлил қилишдан бизни тўсиб туради (гўё бу иллат ўз-ўзидан мавжуд бўлган нарсадек) камбағаллик сабабларини таҳлил қилмасдан «ечим»ларга ўтиб кетишга олиб боради. Бу атаманинг ўрнига «камбағаллик сабабларини бартараф этиш» атамасини киритишни таклиф этаман. Шунда биз камбағаллик сабабларини ўрганишга мажбур бўламиз. Ва шунда ер ислоҳоти қай кўриниш олишини тушуниб етамиз...

Индивидуал ёндашув
Аҳолиси зич бўлмаган ҳудудларда катта аграр хўжаликлар юзага келиши учун шароит яратишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Зеро, бундай ҳудудларда вазият бошқача. Бундай ҳудудларда ерларни бемалол йирик агроҳолдинглар жамланмасига айлантириш мумкин. Бундай ҳудудлар Ўзбекистонда кўп.

Сув муаммоси
Ер ҳақида сўз кетганда албатта сув ҳақида гапирилади. Ачинарлиси шуки, бизнинг ҳолат тилга олинганда «сувга талашиш» ибораси кўп ишлатилади. Бир пайтлар айнан шу тушунча — «одамларга ер берилса сувга талашиб кетишади», тушунчаси ғолиб келиб, ерларни қишлоқ аҳлига эркин истифода учун беришдан четланилгандек гўё.

Бироқ бу қанчалик мантиққа тўғри келди? Шу ҳадикни деб мамлакат қишлоқ хўжалигини собиқ тузумдан қолган тизимга тобе қилиб, қишлоқ ҳудудларидаги миллионлаб одамларни меҳнат миграциясига, тубсиз муаммолар гирдобига мубтало қилиш тўғримиди?

Аслида сув муаммоси ечими ҳам мақоламиз доирасида мулоҳаза қилинаётган ечимда — ернинг ҳар бир қаричини қадрлайдиган эркин тадбиркор-деҳқонлар синфини юзага келтиришда. Айнан шундай — тадбиркор деҳқон ерни ҳам, сувни ҳам эъзоз этади. Айнан шу тоифа моддий манфаати йўлида суғоришнинг тежамкор тизимларини йўлга қўйишга уринади, тежамкор тизим ер сифатини оширишини англайди, ер унга фақат бугун эмас — эртага ҳам керак бўлишини билади. Зеро, ерни ўз тақдири билан боғлайди.

Майдонларни парчалаш
Катта ер майдонларини кичик майдонларга бўлишнинг салбий тарафлари бор, аммо бу ҳам фожиа эмас. Зеро, кичик ер майдонларини истифода этиш ҳуқуқига эга бўлган тадбиркор деҳқонлар тез орада ўзаро ҳамкорлик қилиш уларнинг ўзларига фойда эканини ташуниб етишади ва бу — табиий жараён. Ўзаро қўшни деҳқонлар нима экишни биргаликда ҳал қилишлари, манфаат нуқтайи назаридан кучларни бирлаштиришлари юз беради. Биргаликда харидорлар билан шартномалар тузишади.

Халқимизни ҳамкорликда ишлаш кўникмасидан жудо қилишганди. Энди буни тўғрилаш керак. Бу қийин, аммо бусиз ривожланиш бўлмайди.

Медведев ва Берлускони мулоқоти
Бир пайтлар Дмитрий Медведев, Россия президенти бўлган чоғида, Италия бош вазири Сильвио Берлусконининг олдида Россия қазилма захираларига бой давлат экани билан мақтанади. Шунда Берлускони «Италия қазилма бойликларига бой эмас, аммо 5 миллион истеъдодли тадбиркорга эга», деб жавоб берди...

Биз ҳам, бор имкониятни ишга солиб, тадбиркорлар синфини юзага келтиришимиз керак. Жумладан, ер ислоҳоти воситасида.

Шокир ШАРИПОВ
ер ислоҳоти, тадбиркор, камбағал




Мавзуга оид янгиликлар
  • Тадбиркорларга қўлланадиган молиявий жарима камайтирилади 19 апр, 17:12 69
  • Доллар курси янги марра сари яқинлашмоқда 18 апр, 18:48 210
  • Ўзбекистонда 1 грамм олтин нархи 1 млн сўмдан ошди 17 апр, 19:48 131
  • Долларнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 16 апр, 18:57 109
  • Ўзбекистонда хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади 16 апр, 08:14 73
  • Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 15 апр, 19:30 213
  • Сўнгги янгиликлар
  • Часив Яр ҳам хавф остида. Бу шаҳарни йўқотмаслик Украина учун нега бунчалик муҳим? 19 апр, 23:23 6
  • Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Барак эксклави аҳолисини кўчиришни якунлади 19 апр, 22:56 107
  • Германия ва Польша авиакомпаниялари Тель-Авивга рейсларни бекор қилди 19 апр, 22:30 16
  • «Кўз ўнгимиздаги ҳақиқат». Алонсо қайси жамоани танлаган? 19 апр, 22:00 45
  • Дубайда 50 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари қолиб кетгани аниқланди 19 апр, 21:30 69
  • Озиш учун нонуштанинг учта олтин қоидаси 19 апр, 21:00 47
  • Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистон 2-турда Ироқни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди 19 апр, 20:41 120
  • Зироат Мирзиёева Фарғонада мактаб-интернат ўқувчилари билан учрашди 19 апр, 20:36 45
  • Мижознинг сочини унинг хоҳишига зид тарзда калга олиб ташлаган сартарош 10 суткага қамалди 19 апр, 20:29 200
  • Ибороҳимҳалил Йўлдошев: "Жанубий Корея ва Япония терма жамоалари Осиё кубогида фаворит" 19 апр, 19:13 87
  • Шомуродов қайтгач «Юве»дан кўпроқ очко йиғаётган «Каляри». «Интер»дан кейин «Юве» ҳам тўхтатиладими? 19 апр, 18:48 189
  • Исроил Мадримов мутлақ чемпион Теренс Кроуфордга қарши рингга кўтарилиши мумкин 19 апр, 18:28 68
  • Бўлимлар