«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 26 2024, 15:55
ЎЗO‘Z

Идлибдаги "тупик". Путин ва Эрдўған музокараларидан натижа бўладими?

05 мар, 12:26 2 835 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Идлибдаги "тупик". Путин ва Эрдўған музокараларидан натижа бўладими? Туркия президенти матбуот хизмати / AP / Scanpix / LETA
Бугун, 5 март куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Россия президенти Владимир Путин Москвада Идлиб масалаcи бўйича учрашади. Бутун дунёнинг нигоҳи қаратилган мазкур учрашувда икки президент 2018 йил 17 сентябрь ва 2019 йил 22 октябрдаги «Сочи келишувлари»дан кейинги энг муҳим саммитни ўтказишади. Туркия столга сулҳ учун ўтиради ва у режим ҳаракатларини тўхтатиш чақириғи билан чиқади.

Туркиянинг Идлибда кутган энг асосий нияти – сулҳ. Россиядан режим ҳужумларини тўхтатишини истаётган Анқара «Бу масла биз учун энг муҳимидир», деган фикрини ифода этади. Идлибда ташкил этилган 12та кузатув пункти операциялардан холи бўлади, деган мажбурият Россияга яна бир бор эслатилади.

Россия «Сочи келушуви»нинг «минтақадаги ўзгарувчан шароитлар» доирасида янгиланишини истамоқда. У «ишончли ҳудуд майдонининг камайтирилиши», мухолифат ва Туркия Идлибнинг 40 фоизига тенг келувчи янги ҳудудида қолиши лозимлиги ҳақидаги фикрини илгари суришда давом этмоқда. Бироқ Россия бу борада янги таклиф билан столга чиқиши ҳам мумкин, деб тахмин қилинмоқда.

Путиннинг матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков бироз аввалроқ Эрдўған билан музокараларда Москва «Сочи келушуви» шартларида қатъий туриши, Суриянинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиши ва Дамашқни террорчилар билан курашда қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирганди.

Россия, шунингдек, М4-М5 автомагистралларининг ҳам ишончли ҳолга келтирилиши, бу ҳудудда Туркия билан қўшма патрул хизмати олиб бориш истаги ҳам кун тартибида турибди. Учрашувда, шунингдек, Ливиядаги ўзгаришлар, Халқ мудофааси бўлимлари-Курдистон ишчи партияси (YPG-PKK) билан кураш ва С-400 билан боғлиқ ўзгаришлар ҳам кўриб чиқилади.

Шанба куни Эрдўған Путин билан телефон орқали мулоқотида, ундан Туркияни Сурия президенти Башар Асад режими билан холи қолдиришни сўрагани ҳақида айтганди.

«Мен Путинга кеча «Сизнинг у ерда (Сурияда) нима ишингиз бор? Қаршимиздан чекилинг, бизни режим [Асад] билан холи қўйинг», дедим. Ишонинг, биз нима қилиш керак бўлса қиламиз, деди турклар раҳбари ва турк ҳарбийлари у ерга рус ҳарбийлари каби Асад таклифи билан эмас, Сурия халқи илтимоси билан кирганини қўшимча қилди.

Бунга жавобан Песков Россия бу ҳудудда Суриянинг қонуний ҳукумати сўрови билан ҳаракатланиши, шундай экан, рус ҳарбийлари бу мамлакатда бўлиши қонуний эканини таъкидлади.
«Суриядаги бошқа давлатларнинг ҳарбийлари халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига зид равишда бўлиб туришибди», деган Песков.

Кремль аввалроқ ҳам Анқарани «Сочи келишуви» шартларига риоя қилмаганликда айблаганди. Бу келишувга кўра, айнан Анқара Идлибдаги деэскалация ҳудудида жойлашган қуролли гуруҳларни қуролсизлантириши керак эди.

Идлибдаги вазият 27 февраль куни Сурия авиацияси зарбалари оқибатида ўнлаб турк ҳарбийлари ҳалок бўлиши ортидан янада кескинлашди. Туркия Мудофаа вазири Хулуси Оқар бу ҳодисани «турк ҳарбийларига пасткашларча ҳужум» деб атади ва ўша куниёқ «Баҳор қалқони» номли амалиёт бошланди.

Шундан сўнг турк ҳарбийлари Идлиб ҳудудида Сурия авиацияси самолётларини ўққа тутишга киришди, сурияликларнинг иккита қирувчи самолёти уриб туширилди, шундан сўнг Суриядаги россиялик ҳарбийлар гуруҳи ҳам Туркия авиациясининг Сурия осмонидаги парвозлари хавфсиз бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Би-би-си рус хизмати Яқин Шарқ масаласи бўйича экспертлардан Путин ва Эрдўған сўнгги кунлардаги воқеаларни ва кескин баёнотлардан кейин Идлиб масаласида келишувга эришиш имкониятлари қандайлиги, умуман, Сурия масаласида икки томонни ҳам қаноатлантирадиган қандай ечим борлиги бўйича фикр олди.

Ирина Звягельская, Россия фанлар академияси Шарқшунослик институтининг бош илмий ходими:
Менга шундай туюлдики, Туркиянинг турли расмийлари берган кескин баёнотларни жиддий қабул қилиш керак эмас. У ерда ўзига хос сиёсий маданият ва маҳаллий анъана бор, қарши томонга имкон қадар таҳдидли фикрлар билдириш керак бўлади. Бундан ташқари, Эрдўғаннинг мақсадларидан бири - ички сиёсатдаги аудиториясида ўзини кучли ва мустаҳкам эканини намойиш этишдир.

Лекин агар бу гапларни жиддий қабул қилсак ҳам, Эрдўған Россия билан кескин можаро бошлай олмайди - бундай қилиш мумкин эмас.

Россия ва Туркия манфаатлари фақатгина Суриянинг Идлибида тўқнашмаяпти. Эрдўған учун икки томонлама муносабатлар катта аҳамиятга эга. У ерда Россия Туркия билан миллиардлаб долларлик шартномалар тузмоқда, уларга АЭС қуриб бермоқда, Туркия орқали бутун Европанинг энергия таъминотини бошқара оладиган қилиб газ қувурлари тортилмоқда. Қолаверса, россиялик сайёҳларнинг Туркия туризмига келтирадиган фойдаси беқиёс (йилига 7 миллионга яқин россиялик турист), шунингдек, Туркия қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Россия бозорларига сотади.

Умуман, икки мамлакатни қалин иқтисодий алоқалар ва сиёсий манфаатлар боғлайди. Идлиб туфайли бу муносабатларни бузишни ҳеч ким истамайди. Агар муросага умид бўлмаса, 5 март кунги учрашув ҳам ташкиллаштирилмаган бўларди.

Эрдўған албатта керак вақтда тўхташни биладиган ўйинчи.

Михаил Магид, Яқин Шарқ бўйича эксперт:
Россия ва Туркия Сурия бўйича компромиссга келолса ҳам бу учинчи давлат иштирокида бўлади. Россия ва Туркия манфаатлари бир-бирига зид келмоқда, улар икки душман томонни қўллаб-қувватлашмоқда, шундай экан келишиш фақат учинчи томон ҳисобидан бўлиши мумкин.

Бу учинчи томон Асаднинг ўзи ҳам, Сурия мухолифати ҳам, катта эҳтимол билан эса курдлар бўлиши ҳам мумкин, чунки Туркия Сурия шимоли-шарқидаги курдлар яшовчи ҳудудлар устидан назоратни кенгайтириш эвазига Идлибдаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишга рози бўлиши мумкин.

Сочи келишувига келадиган бўлсак, бу келишув шартларига деярли амал қилинмади. Кўриб турганингиздек, бу шартлар қандайдир ҳал қилувчи қарорга олиб келмади. Идлибда ўт очишни тўхтатиш сулҳи доимий равишда бузиб келинмоқда, натижада айни вақтда у ерда янги эскалация пайдо бўлган.

Сўнгги кунларда Туркия Суриядаги ҳаракатларини кучайтиришда давом этмоқда, улар ҳаво кенгликларида ҳукмронлик қилишмоқда ва Асаднинг ҳарбийларини йўқ қилишда давом этишмоқда, Россия эса бунга йўл қўйиб беряпти.

Идлиб НАТОдаги энг кучли иккинчи армияга эгалик қиладиган Туркияга ёндош жойлашган, Россия эса бу ерда кичиккина контингент жойлаштирган, бу ердаги ҳарбийлар Россиянинг Суриядаги асосий базаларидан жуда узоқда. Шундай экан, кучлар мувозанати Россия фойдасига эмас, бу эса Туркия жуда узоққа боришига имкон беради.

Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия мухолифатчи кучлари.
Бу кучлар Саракибни қайтариб олганидан кўп вақт ўтмай чекинишга мажбур бўлди / GETTY IMAGES

Константин Труевцев, Россия фанлар академияси Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими:
Россия ва Туркия жиддий клинч ҳолатига киришди, аммо эслаш керакки, Эрдўған Сурия шимоли-шарқига кирганида вазият драматик тарзда ривожланадигандек туюлганди. Аммо ўтган йил октябрида Сочидаги учрашув шуни кўрсатдики, вазиятни ҳал қилиш мумкин.

Вазият шундай нуқтага етиб келганки, энди уруш кенгайиб кетиши мумкин, аммо бу ҳеч кимга керак эмас. Шу туфайли, мен маълум келишувга эришилади, деб ўйлайман.

Катта эҳтимол билан, Сурия ҳарбийлари ҳозирги позицияларида қолишади, турклар эса террорчиларни очиқдан-очиқ қўллашни бас қилишади, Идлибнинг қолган қисми эса турклар ва уларнинг таъсиридаги бўлинмалар ихтиёрида қолади. Бу ҳозир юзага келган вазиятни музлатиши мумкин, аммо ҳозирда мен бошқа бир ечим кўрмаяпман.

Идлибдаги вазият ҳозирда позицион уруш фазасига кирган: бугун бир томон бир ҳудудни уруш қилиб олса, эртага бошқаси бир ҳудудни эгаллайди. Масалан, турклар «Ҳаёт Таҳрир аш-Шом» билан биргаликда Ал-Габ водийсини эгаллашди, суриялик ҳарбийлар эса Саракибга киришди.

Икки томондан бири тўлиқ устунликка эга бўлолмаган ҳолатда ҳарбий ҳаракатлар позицион урушга айланади. Бу эса зиддият оловини сусайтиради.

Кирилл Семенов, Россия халқаро ишлар бўйича кенгаши эксперти:
Ҳозир шундай вазият юзага келганки, компромиссга келишдан бошқа йўл йўқ.

Россия Асадга бутун Идлибни қайтаришга ёрдам бериш ва турк ҳарбийларини чекинтиришни қанчалик истамасин, сўнгги воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, бунинг имкони йўқ. Ҳужумни давом эттиришга бўлган барча уринишлар Асад армиясининг катта йўқотишларига олиб келмоқда. Ҳолбуки, Асад кучлари ҳали турк ҳарбийлари билан тўғридан-тўғри тўқнашгани ҳам йўқ.

Бошқа томондан, Туркияда ҳам Сочи келишувида белгиланган чизиқларга қайтиш имконияти йўқ. Мухолифат кучларининг муваффақиятли ҳужумларидан кейин ҳам Асад кучлари вазиятни тўғрилай олмоқда, бунга Саракибда ҳам гувоҳ бўлдик.

Албатта, Эрдўған қуруқлик қўшинларини тўғридан-тўғри Асад армиясига қарши ташлаши мумкин, аммо бу катта йўқотишларга олиб келиши мумкин ва у бундай қарор қабул қилиши эҳтимолдан йироқ.

Москвада ўт очишни тўхтатиш бўйича қандайдир келишувга эришилса ҳам, бу ҳам аввалги меморандумлардан фарқли равишда барқарорроқ бўлади ва унга амал қилинади, чунки Туркия армияси шу ерда.
Идлиб, Путин, Эрдўған




Мавзуга оид янгиликлар
  • “Майнц” футбол клуби стадионидан 500 килолик бомба топилди 26 апр, 15:51 0
  • Бош прокуратура Ниғматилла Йўлдошев «қидирувда бўлган шахслар билан гаплашиб тургани» ҳақидаги видеога изоҳ берди 26 апр, 14:02 2
  • Руслар Abrams танкларининг заиф томонини топишди 26 апр, 13:48 1
  • Мария Захарова украиналикларни Америка ҳиндуларига ўхшатди 26 апр, 13:25 1
  • Урушдан қайтган Россия ҳарбий хизматчилари 100 дан зиёд қотилликка қўл урган 26 апр, 12:17 64
  • Лукашенко Ғарбга таҳдид билан чиқди 26 апр, 10:10 216
  • Сўнгги янгиликлар
  • Иқтисодиётда давлат иштироки қисқартирилади 26 апр, 14:53 0
  • Қизга тегажоғлиқ қилиб тасвирга олганларга нисбатан жиноят иши очилди 26 апр, 14:28 0
  • Бош прокуратура Ниғматилла Йўлдошев «қидирувда бўлган шахслар билан гаплашиб тургани» ҳақидаги видеога изоҳ берди 26 апр, 14:02 0
  • Руслар Abrams танкларининг заиф томонини топишди 26 апр, 13:48 1
  • Мария Захарова украиналикларни Америка ҳиндуларига ўхшатди 26 апр, 13:25 1
  • Тошкент шаҳрида қайси вилоят ҳайдовчилари кўпроқ таксичилик қилмоқда? 26 апр, 13:03 6
  • Исталган қонни биринчи гуруҳ қонига айлантириш йўли топилди 26 апр, 12:40 21
  • Урушдан қайтган Россия ҳарбий хизматчилари 100 дан зиёд қотилликка қўл урган 26 апр, 12:17 64
  • Ўзбекистон АҚШнинг “кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилди 26 апр, 10:49 74
  • Лукашенко Ғарбга таҳдид билан чиқди 26 апр, 10:10 216
  • АҚШнинг Ғазодаги сиёсатидан норози Давлат департаменти расмийси истеъфога чиқди 26 апр, 09:51 74
  • Зоир Мирзаев “Телефонсиз мактаб”га 300 млн сўм мукофот берди 26 апр, 08:33 41
  • Бўлимлар