«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 16 2024, 22:50
ЎЗO‘Z

Садақа радди баломи ёки даромад манбаи?

25 фев, 09:30 4 434 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Садақа радди баломи ёки даромад манбаи? Ишимиз юришмаганда ё бўлмаса бирон хатардан омон қолганимизда, ёмон туш кўрганимизда тўрт-беш сўм садақа қилиш орқали кўнглимиздаги хижилликни енгиллатишга одатланганмиз. Бундай пайтда одам гавжум жойларда ёки кўчама-кўча юриб, «Худонинг йўлига садақа қилинг», дея ризқини териб юрувчиларга атаганингизни берасиз. Пул топишнинг енгил усулини ўрганган бундай кимсалар эса меҳнат қилиб тер тўкишни хоҳлашмайди.

Ҳар қандай иллатнинг илдиз отишига аввало ўша жамиятда яшовчи кишиларнинг бепарволиги сабаб бўлади. Бизда тиланчиларга садақа бериш одатий ҳолга айланган. Ана шундай мурувватпешалигимиз тиланчиларнинг кўпайишига замин яратмаяптимикан? Ўзи кимларга садақа бериш керак?

– Аллоҳга беадад шукур, юртимиз тинч, ҳаётимиз кундан-кунга фаровонлашиб бормоқда, – дейди Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси вакили, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматулла Усмонов. – Шундай дориломон замонда юзининг терисини қалин қилиб садақа сўрашнинг ўзи ақлга сиғмайди. Сабаби, бугунги кунда озгина жон койитиб меҳнат қилган киши ҳеч бир қийинчиликсиз кунлик эҳтиёжига яраша пул топа олади. Аслида инсонларнинг қалбига озор етказадиган ҳолатда садақа сўраш шариатда ҳаром қилинган. Ҳаётда кўп кўрганмиз, баъзилар ўзини ўта ночор ҳолда кўрсатишга уринади. Ногиронлик «роли»ни маромига етказиб ижро этиш орқали пул топаётганлар ҳам йўқ эмас.

Баъзан Қуръони каримдан бир неча оятни чалакам-чатти ёд олиб, тиловат қилиш орқали манфаат кўришга уринаётганлар ҳам учрайди. «Кимки тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга хорлик эшигини очади», – дея марҳамат қилади пайғамбаримиз бир ҳадисида. Дарҳақиқат, тўрт мучаси соғ кишининг тиланчилик қилиши ислом динида қаттиқ қораланади. Инсонлардан беҳожат бўлиш, бировга оғирлигини ташламаслик, ҳалол касб билан ҳаёт кечириш фазилат саналади. Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг муборак васиятида «Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам» дейилиши инсонларни беҳожат бўлишга чақиришдир.

Хайрихоҳлик билан берилган садақа фарз амаллардан саналади. Аслида садақа жуда эътиборли нарса, унинг катта-кичиги бўлмайди. Зотан, садақа сўзи сидқ, содиқ сўзларидан олинган бўлиб, банданинг иймони ва ҳимматига тааллуқли каломлардир. Кишининг иймони, Аллоҳ таолога ишончи бўлса, қилаётган эҳсонининг савобидан қалбида умидворлик туйғуси бўлса, берган садақаси ана шу туйғуларнинг чинлигини тасдиқлайди.

Савол туғилиши мумкин: «Кимларга қилинган садақа савоблироқдир?». Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларидан бирида «Садақани энг аввало ўз оила аъзоларингизга қилинг, улардан орт­са яқин қариндошларингизга, сўнг эса бошқаларга улашинг» дея марҳамат қилади. Албатта, хайр-эҳсон эҳтиёжманд оилаларга, етим-есир ва ногиронларга қилинса нур устига нур бўлади.
* * *
Бугунги кунда кўча-кўйда, бекат, вокзал ё аэропортларда, бозорларда, ҳатто уйма-уй юриб садақа сўраб қўл чўзаётган баъзи тиланчилар ва ҳатто болаларни кўриб, беихтиёр ўйга толасан киши: наҳотки, улар қилаётган ишларининг моҳиятидан бехабар бўлса?

Шундай дориломон замонда чет эллардан келган меҳмонлар тиланчиларга рўбарў келса, юртдошларимиз ҳақида нима деб ўйлайди? Афсуски, тиланчиликни касб қилиб олганлар фақат ўз манфаатини ўйлайди холос. Улар учун хорижлик меҳмонлар юртимиз ҳақида қандай таассуротда бўлишининг аҳамияти йўқ.

Тиланчиларнинг аксарияти аслида ўзгаларнинг мурувватига зор бўлмаса-да, бу касбидан воз кечмайди. Улар инсон психологиясини жуда яхши билиб олишган. Одамларнинг раҳмдиллигидан фойдаланиб қолишга уринишади.

Ўзингиз ўйланг, бозорлар ва бошқа гавжум жойларда «Нонга пул беринг» дегувчилар наҳотки эрталабдан кечгача сандироқлаб ҳам нонга пул топишолмаса? Тўғри, ҳар қандай давлатда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам бўлиши табиий. Бироқ давлат уларнинг таъминотини ўз гарданига олади. Бизда ҳам худди шундай.

Қишлоғимизда бир қўли йўқ отахон бўларди (жойи жаннатда бўлсин). Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. Уни Хотира ва қадрлаш куни олдидан Тошкентга чақиришган, набираси бобосини боғдаги ўриндиққа ўтқазиб, магазинга бориб келиш учун кетган. Шунда отахон пинакка кетиб, бошидаги шляпаси ерга тушган. Ярим соатларда набираси келса, шляпанинг ичи пулга тўла эмиш.

Кези келганда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман. Бозорга киришдаги йўл четида бир аёл «Болам авария бўлиб касалхонада ётибди, дори олишим учун ўн минг сўм етмаяпти, илтимос, ёрдам беринглар» дея ўтган-қайтгандан нажот сўрарди. Аёлга жуда раҳмим келди. Ҳақиқатан ҳам жуда муҳтож экан деб унга айтган пулини бердим. Орадан бир неча ой ўтиб, бошқа жойда яна шу аёлга дуч келдим.

У яна ўша «сценарий»ни такрорлар эди. Секин унинг олдига бордим. «Опа, уялмайсизми? Наҳотки, тўрт-беш сўм пул топаман деб ўғлингизга ёмонлик тилаётганингизни билмасангиз?! Ахир бобо-момоларимиз “Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар омин дейди” деб бекорга айтишмаган. Бу яхши эмас, оқибатини яхшилаб ўйлаб кўринг», – дедим. Аёл бироз хижолат чеккандек бўлди-ю, лом-мим демасдан йўлида давом этди.
* * *
Бир куни бозор дарвозасига яқинлашганимда йўл четида ўтирганча, чап қўлини олдинга чўзиб, ўтган-кетгандан садақа сўраётган қизча эътиборимни тортди. Ўнг енги муаллақ туришига қараганда бир қўли йўқ эди унинг. Бирор бахтсиз ҳодиса туфайли қўлидан ажралгандир деган хаёлга бордим. Бечора қизалоқ! Балки у оиласидагиларга оғирим тушмасин деб тиланчилик қилаётгандир? Қизчага яқин бориб, пул узатдим. У пулни олар экан, «Раҳмат, амаки, умрингиздан барака топинг» дея дуо қилган мисол чап кафтини юзига тортган бўлди.

Савоб ишга қўл урганимдан мамнун эдим. Шу тариқа ҳар бозорга борганимда ўша жойда қизчага рўбарў келардим ва пул беришни канда қилмасдим. Бир куни қизчага яқинлашар эканман, ҳайратдан ёқа ушладим. Энди у ўнг қўлини чўзганча садақа сўрар, чап енги эса ҳавода муаллақ турарди. Ҳаётнинг паст-баланди, аччиқ-чучуги ҳақида тасаввурга эга бўлмаган қизчани шу тахлит риёкорлик қилишга нима ундади, ким мажбур қилди экан?

Ҳалиги қизча тўрт-беш ой кўринмай кетди. Эҳтимол, энди у алдов йўли билан садақа сўрашдан воз кечгандир деган хаёлга бордим. Бир куни ўша қизчани яна учратдим. Бу сафар у ногиронлар аравачасида эди. Ажабланарлиси, энди унинг икки қўли ҳам соғ, бироқ иккала оёғининг тиззадан пастки қисми йўқ эди. Бўлган воқеани онаси айтиб берди. Қизча аввал соппа-соғ бўлган экан. Онаси «Ногиронларга одамлар кўпроқ пул беради» деб уни бир қўли йўқ қиёфада садақа сўрашга мажбур қиларкан. Кунлардан бирида қизча автоҳалокатга учрабди. Оёғидан қаттиқ жароҳат олиб, чиндан ҳам ногирон бўлиб қолибди. Онаси бу гап­ларни айтар экан, кўзларидан ёш тўхтамас, қилмишидан қаттиқ пушаймонлиги шундоқ билиниб турарди.

Қадимда бир камбағал киши донишмандга ўзининг ночорлигидан шикоят қилибди. Шунда донишманд аввал иккала кўзи, сўнг оёқ ва қўллари эвазига катта пул таклиф этибди. Камбағал эса унинг таклифларига рози бўлмабди. Шунда донишманд «Шунча бойликлардан ҳам қадрли неъматларга эга бўла туриб нолигани уялмайсанми?» деб уни изза қилган экан.

Ўтган йили кузда истироҳат боғида яна бир ажабланарли ҳолатга гувоҳ бўлдим. Икки лўли қиз ва бир болакай сайр қилиб юрган йигит-қизларнинг олдига бориб садақа сўрар, пул бермаган қизларнинг сумкасига ёпишиб, тортқиларди. Афтидан, йигит-қизлар курсдош бўлишса керакки, йигитлар қизларни ҳимоя қилиш ўрнига мазах қилар, устидан кулишарди. Уларнинг ҳаракатини бироз кузатиб турдим. Лўли қизларнинг бу услуби иш бермаса, ёнидаги болакай ердан тош олиб қизларга хезланарди. Ушбу вазиятдан чиқиш учун қизлар ноилож сумкасидан пул чиқариб беришга мажбур бўларди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Тиланчилар тўйхона, шифохона, автобус, ишхона ва ҳатто уйларга ҳам бемалол кириб бораяпти… Хўш, садақани тортиб олишгача бораётганларга ким чора кўради? Юртимиз, халқимиз шаънига доғ бўлиб тушадиган бундай иллатларга барҳам беришнинг аллақачон вақти етди деб ўйлайман. Тиланчиликни касб қилиб олганларнинг бу қилмишини маҳалла фаоллари, профилактика инспекторидан тортиб ҳамма билса-да, парво қилмаслиги уларни ана шундай уятсизликка ўргатиб қўйган бўлса керак.

Гоҳида очарчилик ва қаҳатчиликни кўрган қарияларнинг сўзларини эшитсангиз, бугунги дориломон кунларда ҳам тиланчилик қилаётганлардан нафратланиб кетасиз. Шукур қилишимиз керак! Бинобарин, шукур ҳам инсоннинг иймон-эътиқодидан далолатдир. Қолаверса, шукур ризқ ва барака, имконнинг янада кенгайишига сабаб бўлади.

Манба: Huquq.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • Қарши тумани прокуратураси терговчиси пора олаётганда ушланди 16 апр, 22:45 0
  • 1 майдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради 16 апр, 22:16 0
  • Шавкат Мирзиёев 12 ҳудудда оқсаётган жараён ҳақида гапирди 16 апр, 21:00 58
  • Ўзбекистонликлар Латвияга ишга таклиф қилинмоқда 16 апр, 17:42 158
  • Cobalt автомашинасида салкам 30 млн. сўмлик жарима аниқланди 16 апр, 17:02 59
  • Ўзбекистонда транспорт воситалари экологик назоратдан ўтказилмоқда 16 апр, 14:43 101
  • Сўнгги янгиликлар
  • Эрон-Исроил можароси: сиёсатшунослар қандай фикрда? 16 апр, 21:50 0
  • Олимлар кексаликда ҳам ақл-идрокни сақлаб қолишнинг оддий усулларини аниқлади 16 апр, 21:24 5
  • Шавкат Мирзиёев 12 ҳудудда оқсаётган жараён ҳақида гапирди 16 апр, 21:00 58
  • Италия футболини ёритувчи L'Unione Sarda нашри: “Бу иккисидан эҳтиёт бўлинг” 16 апр, 20:35 103
  • Малайзия бош мураббийи: "Ўзбекистонни ютиш учун энг зўр ўйинимизни намойиш этишимиз шарт" 16 апр, 20:20 48
  • U-23 Осиё кубоги. Тимур Кападзе: "Ҳар бир жамоа мусобақани ғалаба билан бошлашни истайди" 16 апр, 19:56 76
  • Шомуродовнинг охирги голи жамоадошини рекордчига айлантирди 16 апр, 19:40 194
  • "Андижон"нинг тоза голи инобатга олинмаган, "Насаф" тепган пенальти нотўғри, лекин ... 16 апр, 19:13 153
  • Долларнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 16 апр, 18:57 66
  • Crocus теракти бўйича айбланаётган икки тожикистонлик ҳибсга олиниши юзасидан шикоят қилди 16 апр, 18:30 333
  • Буни энг иродасизлар ҳам эплай олади: Аллен Каррнинг чекишни ташлашда ёрдам берувчи “Кашандаликдан қутулишнинг осон йўли” китоби ўзбек тилида чоп этилди 16 апр, 18:17 45
  • Ўзбекистонликлар Латвияга ишга таклиф қилинмоқда 16 апр, 17:42 158
  • Бўлимлар