«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 19 2024, 09:04
ЎЗO‘Z

«Айтсам – ўлдирурлар, айтмасам – ўлам...» ёхуд Карим Баҳриев 20 йил аввал нима деганди?

13 ноя, 20:36 4 559 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
«Айтсам – ўлдирурлар, айтмасам – ўлам...» ёхуд Карим Баҳриев 20 йил аввал нима деганди? Халқимизнинг маьнавий бисотида сўз эркинлиги ҳақида айтилган ҳикматлар анчагина. Улардан турлича хулосалар чиқариш мумкин, албатта. «Бошингга қилич келса ҳам тўғрисини сўзла», - дейдилар. Ўктамлашасан. «Тўғри сўз туққанингга ёқмас» – дейдилар. Тарвузинг қўлтиғингдан тушади. «Элчига ўлим йўқ» – дейдилар. Шоир ҳам халқнинг элчиси эканини эслаб, дадиллашасан. «Эгилган бошни қилич кесмас» – дейдилар. Кўнглинг совуйди. Албатта, эгилолмайсан. Чунки аҳволинг оғир: «Айтсам – ўлдирурлар, айтмасам – ўлам…» Шундай яралгансан – эшитсалар ҳам, эшитмасалар ҳам қалбинг буюрганини айтаверасан. Ўзингга хиёнат қилолмайсан.

Насиҳатгўйлар топилади: «Ҳовлиқма, буни Шарқ дейдилар. Чўрткесарлик миллатимизга ёт, миллий менталитетимизга тўғри келмайди!» Дарров ёдингга Ромен Ролланнинг сўзи тушади: «Ҳақиқат ҳамма халқлар учун ягонадир, аммо ҳар бир халқнинг ўз ёлғонлари бор ва уларни миллий менталитет деб атайдилар». Албатта, сен «насиҳатгўй» биродарингга тўғрисўзлиги учун дорга тортилган, отилган, чопилган аждодларингни, дор тагида, қилич тиғида ҳам сўзидан қайтмаган боболарингни эслатишинг мумкин.

«Миллий менталитетимиз зулмга кўникишни, ваҳшатнинг қошида мум тишлаб ўтиришни тақозо қиладими?!» – дея сўрашинг, «Аньаналаримизни кўр-кўрона тиклаш керак бўлса, шоҳона саройлардаги ҳарамларни, шаҳватона баччавозликларни ҳам бошлаш керакдир», - деб кесатишинг, «Дунёга бир марта келасан. Юз йил аввал ҳам дунё бор эди, лекин сен йўқ эдинг. Юз йил кейин ҳам дунё қолади, аммо сен бўлмайсан. Сен келмасингдан олдин дунёнинг чархи айланиб турганидай, сен кетганингдан кейин ҳаёт тўхтаб қолмайди.

Сен ҳам инсонсан, қошида қалтираб турганинг кимсадан қадр-қимматда зарра кам эмассан» – деб даъват қилишинг ҳам мумкин. Аммо бу ҳамватанинг ўз фикрида ёлғиз эмаслигини, сўз эркинлиги масаласи анчайин чуқур муаммолигини, кимнидир ўз фикрингга ишонтириш учун узоқ ва залворли сўзлаш зарурлигини ўйлаб, оғир хаёлларга бериласан, фикрлайсан.

«Яшашни ўргансанг бўларди!»
«Таёқдек тўғрилигинг, қайсарлигингдан нима кўрдинг?!»
«Озгина қайишқоқ бўлсанг-чи…»


Шу тахлит «насиҳат»ларни кўп эшитаман. Жовдираб турган болаларимга, жавраб турган хотинимга қараб, хаёлга толаман. Баьзан жаҳлим чиқади.
Ай, биродарлар, алдаб-авраб, ёлғон-яшиқ гапириб, тилёғламалик қилиб кун кўриш яшашнинг бир йўли бўлса, тўғрилик ҳам - яшашнинг йўлидир. Мен – ҳақман, деёлмайман. Менга эргашинглар, деб эса умуман айтмадим. Аммо менга ўзлигимни таниш, ўз билганимча яшаш имконини қолдиринглар.

Балким, мен алдаб-авраб уч юз йил яшагандан кўра тўғрилик билан уч кун яшашни афзал биларман. Сиз ўз билганингизча яшанг, аммо мен ҳам ўз билганимча яшашим керак-ку?!

«Насиҳатгўй»лар мени ўз жиноятига шерик қилаётганга, ёвузликда ҳамкорликка чорлаётганга ўхшаб туюлади.

Бундоқ қараганда, тўғрисўзлигим – менинг ўзлигимдир. Шуни биламанки, кимдир менга тиш қайраса, шу тўғрилигим важидан тиш қайрайди. Айни пайтда, агар кимдир мени ҳурмат қилса, ана шу тўғрисўзлигим учун ҳурмат қилади. Мабодо кимдир мендан ҳайиқса, тўғрисўзлигимдан ҳайиқади… Демак, тўғрисўзлигим – менинг ўзлигим, бору йўғимдир. Тўғрисўзлигим бўлмаса, мендан ҳеч ким ҳайиқмайди, мени биров эьзозламайди, биров ёмон ҳам кўрмайди. Гўё мен йўқман – ана шундан қўрқаман.

Йўқ, мен дилимдагини гапираётганда, мана, энди мен ҳурмат қозонаман ёки душман орттираман, деган хаёлда гапирмайман. Юқоридаги фикрларга мен ҳозир, қоғоз устида термулиб ўтириб, сокин мулоҳазалар суриш орқали келаётирман. Дилимдагини айтишим менинг ҳаёт тарзимга айланган. Бўлди, бошқа гапирмайман деб юриб ҳам, гап очилиб қолса, лоп этиб гапириб юбораман.

Яна бир истиҳолани айтишим керак: «менинг тўғрисўзлигим» деганда фақат мен тўғрисини биламан, деб ўйламайман. Биринчидан, тўғрисини бугун жим ўтирган, қайсидир истиҳола, қўрқув ёки ҳисоб-китоб туфайли гапирмаётган одамларнинг аксарияти ҳам билиши мумкин. Иккинчидан, ҳамда бу энг асосийси – «менинг тўғрисўзлигим» деганда мен ўз фикримни очиқ айтишимни назарда тутмоқдаман, холос. Яьни, мен ўзим тўғри ҳисоблайдиган, ўз эьтиқодим, инончим тақозо этган фикрни айтаман, бир гапни айтиб, бошқа гапни қилиб, учинчи гапни ўйлаб ўтирган бўлмайман. Мен айтаётган фикр менинг учун тўғридир, бошқа биров уни мутлоқ қабул қилиши шарт эмас, бошқа биров бу фикр билан баҳслашиши, уни муҳокама қилиши, унга қарши фикр билдириши мумкин ва бу табиийдир.

Мен учун тўғрисўз одам – таёқдек тўғри, шубҳасиз фикрларни айтаётган одам эмас, балким фикрлаётган ва маьлум хулосаларга келаётган ҳамда шу хулосаларини очиқ-ошкора айтаётган одамдир.

Шунингдек, мен эгрисўзли деганда нотўғри фикрни айтаётган одамни эмас, фикрининг тўғри эмаслигини билгани ҳолда айтаётган, балким, тўғрисини билса-да, тескарисини гапириб турган, риёкор одамни тушунаман.

Донишмандлардан бири: «Агар рост сўзни айтиш имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаганда, ёлғон айтмаслик, жим ўтириш ҳам ҳурматга лойиқдир», - деган эди. Бу ҳам мулоҳаза қилишга арзийдиган фикрдир, назаримда.

Фикр ва фактни ажратиш лозим. Фикр ҳамиша нисбийдир, мунозаралидир. Факт луғавий маъносига кўра ҳам «бўлган воқеа, ҳақиқат, бор нарса» демакдир. Муайян шарт-шароитларда ва муайян вақтда юз берган ёки юз бераётган қайсидир воқеа, ходиса, жараён ҳақида хабар берадиган ахборотлар тўғри ёки нотўғри бўлиши мумкин. Бундай ахборотлар ё ҳақиқатга тўғри келади, ё келмайди. Агар журналист бўлмаган воқеани бўлди, деб ёзса ёки айтса, у тегишли тарзда жавобгар бўлади.

Факт ҳақиқатга тўғри ёки нотўғри бўлиши мумкин.
Фикр эса прогрессив ёки реакцион, асосли ёки асоссиз, фойдали ёки зарарли, тараққийпарвар ёки жоҳилона бўлиши мумкин.

Воқеа ва ходиса тўғрисидаги фактик ахборот ҳақиқатга тўғри ёки нотўғри экани жиҳатидан текширилиши мумкин. Аммо фикрлар, мулоҳазалар, инончу эҳтиқодларни ифода этувчи ахборотлар - мафкуралар, ғоялар, назариялар, концепциялар, дастурлар, режалар, тахминлар, баҳолар ва ҳакозолар моҳият эьтибори билан ҳаққоний ёки ёлғон бўлолмайди, уларнинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги текширилиши мумкин эмас. Бу фикрлар ишончли ёки баҳсли бўлиши мумкин.

Аммо уларни айтгани ёки ёзгани учун ёзувчи ёхуд чоп этгани, ошкор қилгани учун оммавий ахборот воситаси жавобгар бўлиши мумкин эмас, зеро Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборотларни ва қонун билан чекланган давлат сири ҳамда бошқа сирларга тааллуқли ахборотларни истисно қилган ҳолда, ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эьтиқод эркинлиги кафолатлангандир (29-модда), мамлакатда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши таькидлангандир (12-модда).

Шундан келиб чиқиб, ғоялар, мулоҳазалар, муҳокамада айтилган баҳолар суднинг қарори билан «ҳақиқатга тўғри келмайдиганлиги» учун рад этилиши мумкин эмас. Улар баҳс, мунозара тартибида муҳокама қилиниши, уларга эьтироз билдирилиши мумкин, яьни ғоялар ва фикрларга (Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» Қонунинг 27-моддасида кўзда тутилган тартибда) улар тарқатилган оммавий ахборот воситаларида жавоб (луқма, шарҳ) берилиши лозим. Ғояларни, ҳур фикрларни бўғиш тоталитар, авторитар тузумларга хосдир. Демократик тузум эса фикрларнинг, ғояларнинг ривожланишидан қувватланади.

Агар одам ўзи ишонган фикрини айтаётган бўлса, бу фикрнинг мунозарали эканидан қатьи назар, бу одамни ҳурмат қилиш керак. Волтер шунинг учун ҳам: “Мен Сизнинг фикрингизга қўшилмасман, аммо Сизда ҳам фикр бўлиши керак ва мен Сизнинг ана шу фикрингизни айтиш ҳуқуқингиз учун жон беришга тайёрман”, - деганди.

“Агар жим юрсанг, сен ҳам катта-патта бўлиб, машинада юрардинг”, - деган гапларни “дўстлар”дан эшитиб тураман. Бугун хотиним ҳам шунга ўхшаш таьна қилди: “Тилингизнинг аччиқлигидан шу куйга тушдингиз… Одамлар роҳат қилиб, ресторанларда тўй бераяпти, биллур идишларда овқат емоқда”. Ана, холос!

Ҳозирги пайтда – халқнинг аксарият қисми очлик исканжасига қолган бир замонда ошиб-тошиш уятдир. Конфуций: “Адолатсиз тузумда бой бўлиш – уят, адолатли тузумда – камбағал бўлиш уятдир”, - деганди. Зеро, адолатли тузумда шахснинг ҳалол йўл билан бой бўлиши учун имкон бўлади, ҳалол йўл билан яшаш мумкин бўлганда оч ўтириш соғ-саломат одам учун уятдир. Агар ҳалол яшашнинг имкони бўлмаса, бой бўлиш учун албатта қинғир йўллардан бориш керак бўлса, хусусан, кимгадир хушомад қилиш, ёлғон сўзлаш лозим бўлса, бу тизим - адолатсиздир, бу йўл билан бойиш – шармандаликдир.

Кўпчиликнинг ўзи ҳам, қавм-қариндошлари ҳам зўрға кун кўраётган бўлса-да, қалбида оқсуяклар тоифасига суқилиб-сирғалиб кириш истаги барқ уриб ётади.

Албатта, мен оч қолаётганларга куюнганим туфайли ўзим ҳам оч қолишга ҳаракат қилаётганим йўқ. Оч қолаётганим ҳам йўқ. Ўзимдан қаҳрамон ясашим кулгили бўларди. Аммо мен халқни талаётганлар тўдасига қўшила олмайман.

Агар “жим ўтирсам – албатта амалдор бўлишим”га, яьни аввалгидек “халқ депутати” бўлишимга, “юқори идоралар”да ишлашимга келсак, мен 1990 йилда айнан жим ўтирмаганим учун депутат бўлган эдим, мен халққа қайишганим учун халқ депутати қилиб сайлаган эди (менга маҳаллий ҳокимият тармашиб-тирмашиб қўлидан келганча қаршилик қилиб кўрганди, ўшанда), шунинг учун мен “жим” ўтирганимда, аниқки, умуман ҳокимият идорасига келмасдим, адабиёт газетасида ёзиб-чизиб юрган бўлардим, яна ҳам орқага қайтсак, мен “жим” ўтирганимда эди, умуман Тошкентга ҳам келиб ўтирмас эдим, Ургутда – тоғ бағридаги сўлим қишлоғимда “жим” ўтираверар эдим… Мен Тошкентга умуммиллат минбаридан элга нимадир сўз айтиш учун келганман. Жим ўтиролмайман.

Тўғри, рост сўзни тинглашга тоқати бўлмаган айрим амалдорлар мени четга суришга уринади, жилла қурса, кўрмасликка олади, мен ҳам тиқилиб-сурилиб амалдорларнинг сафига талпинмайман… Аммо фикрлашда давом этаман.

“Жим” ўтирсам, бу қадар тилга тушмаган бўлардим. Балким, “хайрихоҳ”лар айтаётган гапнинг тагида бошқа гап бордир: “Гапириб-сўзлаб тепага чиқиб олдингиз, чиқиб олгандан кейин, юқорида туриш учун жим юришингиз керак эди, амалдор бўлиб туришнинг бошқа йўли йўқ”, - демоқчидирлар. Бу шубҳасиз фоҳишачиликка ўхшайди. Ижтимоий-иқтисодий фоҳишабозликни тушуниш ва кечириш мумкиндир, аммо сиёсий фоҳишабозликни кечириш мумкин эмас.

Файласуфлар: “Ёлғонни равон айтсанг, ўзини фош қилади”, - деганлар. Гап шундаки, ёлғон фош бўлмаслик учун турли-туман либосга бурканади, шунинг учун ёлғон қулоққа осон қуйилади ва кўпчиликка хуш ёқади. Рост сўз эса очиқ-ойдин бўлади, шунинг учун қаттиқ ботади. Аммо инсон ҳам, инсоният ҳам, миллату уммат ҳам рост сўзга кўникиши керак.

Рост гапириш инсоннинг бошқа инсонлар олдидаги биринчи мажбуриятидир. Ҳеч кимнинг бошқа бировни алдашга ҳаққи йўқ. Бировни алдаш, кўзни лўқ қилиб, ёлғон сўзлаш унга нисбатан ҳурматсизликдир. Умуман олганда, муайян одамни алдаганингизни билиб қолса, қаттиқ хафа бўлади: “Мени алдадинг, бола кўрдинг, бефаҳмга йўйдинг!” – дейди. Зеро сўзланган ёлғон ёлғон сўзланаётган инсонга нисбатан ҳурматсизликдир. Бутун бир халққа ёлғон сўзлашни айтмаса ҳам бўлади. Бир кишига айтилган ёлғон кечирилмас экан, бутун бир халқни тинимсиз алдаш мумкинми?! Бу - нафақат халққа нисбатан нописандлик, барчани қадр-қимматда тенг қилиб Яратганнинг қошида ҳам гуноҳдир. Зеро, муқаддас китобларда айтилганидай, Аллоҳ рост гапирганларни севади.

Ҳақиқат барибир ошкор бўлади. Кеча шўро тоталитаризми даврида айтилмаган гаплар бугун айтилмоқда, ошкор этилмоқда. Бугун айтилмаётган гаплар эртага айтилади. Авраам Линкольн айтганидай: “Бир ҳовуч муайян одамларни бир умр алдаб юриш мумкин, бутун халқни муайян вақт давомида алдаб юриш мумкин, аммо бутун халқни ҳамиша алдаб юришнинг иложи йўқ”.

Ёлғон бир куни келиб фош бўлади, ҳақиқат эса фош бўлиш хавфидан холидир, чунки у очиқдир. Ёлғон айтилган пайтида фойда келтириши мумкин, аммо перспективада – келажакда барибир аён зарар келтиради. Ҳақиқат эса айтилган пайти зарарли туюлиши, айтган одамнинг бошига калтак синдириши мумкин, аммо истиқболда барибир халққа ва жамиятга фойда келтиради.

Ёлғоннинг тагида таьма ётади, ҳақиқат эса таьмасиз айтилади. Зеро боболаримиз киноя билан: “Гапирганим учун кўп пушаймон бўлдим, аммо гапирмаганим, жим ўтирганим учун ҳеч пушаймон бўлмадим”, - дея истеҳзо қилганлар.

Ёлғон лаганбардорликнинг воситасидир. Хушомад - тиз чўкиб қилинган ҳужум, эгилиб қилинган қароқчилик, дейдилар. Бир одам иккинчи одамни ёлғондан мақтар экан, унинг нимадандир таьмаси бор. У нимагадир эришмоқчи, ненидир олмоқчидир.

Ҳақиқат бекорга айтилиши мумкин, аммо ёлғон бекорга айтилмайди. Хушомад қилаётган одам мақталаётган одамга муҳтождир, мақталаётган одам эса унга муҳтож эмас. Шунинг учун хушомад энг аввало хушомад қилинаётган одамни ҳақорат қилади.

Жамиятда муносабатлар хушомадга қурилса, бу миллат учун жиддий фожеадир.

“Каттага гап қайтарма, бетгачопарлик қилма!” – деган насиҳатлар ҳали суяги қотмаган болага қилинганда, эҳтимол, тушунарлидир. Аммо у ўзини тутиб олган халқнинг ҳаёт тарзига айланмаслиги керак.

“Рост сўзни даб-дурустдан айтсанг, халқ издан чиқиб кетади. Тўполон бўлади. жанжал қўзғалади…” – деган гаплар халққа нисбатан адолатсизликдир. Бу, биринчидан, халқни ўз фикрига эга бўлмаган, биров бир нарса деса, эргашиб кетаверадиган суяги қотмаган, аморф бир гўдак сифатида фаҳмлашдан келиб чиқади. Иккинчидан, бунинг оқибатида халқни озод инсонларга хос ҳурфикрликдан мосуво этиш фикрлаш жараёнини тўхтатади, юртни орқага, таназзулга судрайди. Учинчидан, айнан рост сўзлаш, ростлик қўзғолиши мумкин бўлган жанжаллардан сақлайди. Зеро, тўполону фитна рост сўздан эмас, ҳамиша айнан ёлғон сўзларнинг, маккорлик ва айёрликнинг, рост сўз айтилиши имкони бўлмаганидан урчийдиган миш-мишларнинг натижасида юзага келади.

Бугун рост сўз айтилмагани натижасида яширилган иллатлар эртага тўпланиб, йиғилиб, улканлашиб, катта бир буҳронни юзага келтирадики, унинг эртанги муқаррар зарбаси бугун рост сўз айтилса, келадиган зарбадан юз бор, минг бора даҳшатлидир. Муаммоларни орқага суриб, ўзини овутишдан кўра, уларни ошкор этиш ва ечишга киришиш керак. Тошчалар йиғилиб, бир куни тоғ ўлароқ эл бошига тушади.

Энди, ростини айтганда, ҳақиқатдан қўрқаман, дея ўзини ёлғон билан овутиш бир одам учун ҳам уятли бўлганидай, бутун бир жамият учун айниқса шармандалидир.

Тўғрисўзлик - одамнинг бошқа одам олдидаги, халқи ва миллати олидидаги бурчидир.

Ўтган асрда тўғрисўзлиги учун ҳукмдорлар “телба” деб эьлон қилган ва маҳбусхонага ташлаган файласуфга қўшилиб айтиш мумкинки, мен халқимга ҳеч қачон ёлғон сўзлай олмайман, чунки унинг кўзига ҳамиша уялмай тик қарашни истайман.

Мен халқимнинг камчиликларини фош этаман, чунки уни камчиликларсиз, барқарор, комил ва собит кўришни истайман.
Мен халқимни танқид қиламан, чунки уни севаман.
Мен халқимга рост сўзлайман, чунки уни ҳурмат қиламан.
Манба: Azon.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • Марказий Осиё давлатлари 2024 йил ёзи учун Амударё ва Сирдарё сувини тақсимлаб олди 18 апр, 21:45 258
  • Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон баёнот билан чиқдилар 18 апр, 20:00 383
  • Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди 18 апр, 17:40 95
  • Тошкентда дарахтга қасд қилган «маскалилар» қўлга олинди 18 апр, 17:23 230
  • Жиноий иш қўзғатилгач келишувга эришилди 18 апр, 16:48 171
  • Ўзбекистонда зилзилага тайёргарлик кучайтирилади 18 апр, 13:24 207
  • Сўнгги янгиликлар
  • Иброҳимҳалил Йўлдошев: "Клубим мени қўйиб юбормоқчи эмасди, бироқ..." 19 апр, 08:50 0
  • Йенс Столтенберг: “Украина ҳарбийлар етишмовчилиги муаммосини ўзи ҳал қилиши керак” 19 апр, 08:26 1
  • U-23 Осиё Кубоги. Қатар Иорданияга қарши баҳсда сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетди 19 апр, 08:08 0
  • Европа лигаси. "Милан" ва "Ливерпуль" мусобақани тарк этди, "Байер" ва "Рома" эса ярим финалда! 19 апр, 07:48 6
  • Ширинликлар юз терисига қандай таъсир кўрсатади? 19 апр, 07:30 12
  • Зеленский: Россия Украинанинг иссиқлик энергетикасини деярли тўлиқ яксон қилди 19 апр, 07:00 84
  • Зеленскийга эҳтимолий суиқасднинг тафсилотлари ошкор бўлди 19 апр, 06:30 154
  • Жасур Жалолиддинов: "Олимпиада йўлланмаси бериладиган мусобақада қандай ҳолатда бўлишимизга қарамай, натижа кўрсатишимиз керак" 19 апр, 06:00 42
  • Геосиёсий зиддиятлар: Ўзбекистон позицияси қандай бўлиши керак? 19 апр, 00:12 193
  • Германияда икки нафар рус жосуси қўлга олинди 18 апр, 23:50 212
  • Россиянинг "қашшоқлашаётган" миллиардерлари 18 апр, 23:30 322
  • Шармандали мағлубиятдан кейин “Барса” ўйинчилари ўртасида зиддият келиб чиқди 18 апр, 23:12 394
  • Бўлимлар