«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 04 2020, 14:02
ЎЗO‘Z

Рауф Инилеев: Ортиқча даражада қувониб кетмаслигимиз керак

18 окт, 00:25 1 660 Спорт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Рауф Инилеев: Ортиқча даражада қувониб кетмаслигимиз керак Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Сингапурга қарши кечган учрашувда кутилганидек, навбатдаги уч очкони қўлга киритди. Энди эса турнир жадвалида ҳам вазият ўзгарди. Боиси, Саудия Арабистони Фаластинда дуранг ўйнагач, энди Ўзбекистон «D» гуруҳида пешқадамга айланди. Биринчи турдаги мағлубиятдан кейин Вадим Абрамов Эктор Купернинг ўрнини эгаллагач, вакилларимиз иккита ўйинда 8 та гол уришди. Бу эса терма жамоамиз яна ҳужумкор ўйин кўрсата бошлаганидан дарак беради. Сингапурга қарши учрашувдан кейин эса юртимизда кўзга кўринган мутахассислардан бири Рауф Инилеевнинг бир қатор масалалардаги фикрлари билан қизиқдик.

Сингапур билан ўйин ҳақида
- Авваламбор, ғалаба қозониб уч очкони қўлга киритганимизга хурсанд бўлишимиз керак. Айтишим керакки, бу ишончли ғалаба бўлди. Биргина натижа жиҳатидан ҳам эмас, балки ўйин томонлама ҳам устунлик қилиб турдик. Ҳа, бизда яна голли имкониятлар бўлди. Лекин рақибга қараганда Ўзбекистон айниқса, ўйин томонлама анча кучли кўринди. Албатта, биз ҳам ишончли ғалаба қозонганидан хурсандмиз. Муҳими, йигитларимиз сафарда муносиб ўйин кўрсатишди ва натижа ҳам шунга яраша бўлди.

Албатта, меҳмондаги дастлабки ўйинга қараганда ҳозирда жамоамизнинг ўзига бўлган ишончи анча ортган. Бу эса албатта кишини хурсанд қилмасдан қолмайди. Аммо ҳозирги жараёнда ҳиссиётларга берилиб, ортиқча даражада қувониб кетмаслигимиз керак. Чунки кейинги босқичда ҳаммаси ҳал бўлади. Ўйлайманки, биз бу босқичдан хотиржамлик билан ўтиб оламиз. Ана шундан сўнг ҳал қилувчи босқичга жиддий қараш керак бўлади. Айни пайтда эса терма жамоамизга янги қон қуйиляпти ва янги авлод десак ҳам бўлаверади.

Ўзингиз ҳам билган бўлсангиз, терма жамоамизни ёши катта ўйинчиларимиз тарк этишяпти. Тимур Кападзе, Азиз Ҳайдаров, Сервер Жепаров, Анзур Исмоилов…Бу ўйинчиларни жамоанинг юраги деб ҳисобласак ҳам бўлаверарди. Энди эса терма жамоамизда янги авлод шаклланиб боряпти. Мен шуни истардимки, бизнинг жамоамиз бемалол Осиёнинг етакчилари билан рақобатлаша олсин. Аслида Россиядаги мундиал учун ўтказилган саралашда қатнашган таркибимиз ҳам ёмон эмасди.

Аммо ўша пайтда биз бироз кеч қолгандик. Бошида ёмон эмасди, ёшлар чиқиб ўйнашаётганди. Аммо охирига келиб негадир ёшлар кам ўйнашди ва ёши катталарга ишонч билдирилди. Шу нарса бизнинг хатоимиз бўлганди. Ёшларни яқинлаштирмадик, устига-устак жисмоний томондан ҳам кучимиз етмади. Мана, энди бизда ҳам авлодлар алмашинуви юз беряпти. Аммо буни бироз эртароқ амалга ошириш керак эди.

Масалан, шу нарсани олдинги саралаш баҳсларида амалга оширганимизда ҳозирга келиб жамоамиз буткул тайёр ҳолатда бўларди. Ўтган сафарги саралашда иштирок этган таркиб билан солиштирганда Одил Аҳмедов билан Элдор Шомуродов қолган. Бугунги кунда эса Шомуродов, Машарипов каби футболчилар жамоамиз етакчиларига айланишган. Ёшлардан эса Алибоев, Алижоновга ўхшаган иқтидорларимиз ҳам етишиб чиқишмоқда. Албатта, уларни етакчи термаларга қарши қандай ўйнай олишини ҳам кўришимиз керак.

Дарвозабон масаласига келсак, Игнатий Нестеровга ўхшаган, ўзига ишонган посбонимиз бўлса яхши бўларди. Элдор Суюнов термада ўйнашни яқинда бошлади, озгина тажриба етишмаяпти. Дарвозабон ярим жамоа дейилади ва у керак бўлса ҳимоячиларни бошқариб туришни билиши керак. Бизда ҳимоя чизиғи ҳам алмашди. Бунгача Анзур Исмоилов билан Егор Кримец асосий ҳимоячиларимиз сифатида ўйнашаётганди. Энди эса бошқа ҳимоячилар тўп суришяпти. Бу босқичда мудофаа чизиғини синаб кўриш у қадар билинмайди. Чунки биз кучли жамоаларга қарши ўйнамаяпмиз. Шунинг учун ҳозирча ҳимоячиларимиз тўғрисида бир нарса дейиш қийин.

Биринчи ўйинга келадиган бўлсак, ҳимоя чизиғимизда озгина муаммо кўриниб қолди. Аммо уйимиздаги ва Сингапурдаги баҳсларда ишончли ўйнашди. Бизни хурсанд қилаётгани шуки, футболчиларимиз ўзларига ишонган ҳолда ўйнашяпти. Яна бир қувонтирадигани шундаки, ўйинчиларимиз хорижда яхши жамоаларда тўп суришяпти. Алибоев, Аҳмедов, Шомуродов, Ашурматов кабиларнинг тажрибалари асқотяпти. Янги ўйинчилардан Санжар Қодирқулов ҳам ўзини яхши томондан кўрсатяпти.

Эктор Купер хусусида
- Тўғри, Купер билан ўйлаган режаларимиз унчалик ўхшамади. Ўйлайманки, у ўзбек футболини охиригача яхши ўргана олмади. Чунки азалдан Ўзбекистон ҳужумкор ўйин намойиш этарди. Шундай экан, ўзбек футболининг кучли томони ҳам айнан ҳужумкор ўйин ҳисобланади. Менимча, Купер шу нарсани тўлиқ тушуниб ета олмади. Бизни яна бир хатоимиз шу бўлдики, у билан шартнома имзоланаётганда ўзбекистонлик бирор-бир мутахассис унга ёрдамчи бўлиши кераклиги ҳақида айтиш керак эди. Куперни эса ёнида маслаҳат қиладиган одами ҳам йўқ эди.

Айниқса, бирор-бир маҳаллий мураббийлардан ёрдамчисига эга эмасди. Аргентиналик мутахассис келгунича Тимур Кападзе терма жамоани вақтинчалик бошқариб турганди. Бироқ Купер келганидан кейин ўз-ўзидан Кападзе термада йўқ бўлиб қолди. Бу эса бизнинг муаммоимиз эди. Хориждан мураббий келдими, албатта унинг ёнига ўзбек футболини яхши биладиган маҳаллий мутахассис зарур эди. Шунинг учун футболчилар ва мураббий бир-бирини тўлиқ тушунмади. Ҳозирги мураббийлар штаби эса футболимиздаги кучли ва кучсиз томонларини яхши билишади.

Улар айнан кучли бўлган тарафимизни билган ҳолда шу орқали ўйинни тузадилар. Албатта, Купернинг ёнида маҳаллий мураббий бўлмагани аслида унинг хатоси ҳам эмасди. Шунчаки, ўша пайтдаги раҳбарият унинг ёнига албатта маҳаллий мураббийни бириктириши лозим эди. Ўйлайманки, бу раҳбарларнинг катта хатоси эди. Эътибор берган бўлсангиз, бир қатор терма жамоалар ўзининг маҳаллий мураббийлари билан яхши натижаларга эришишяпти. Кўраётган бўлсангиз, Россия билан Украина муддатидан олдин вазифани бажаришди. Уларда ким ишлаяпти?

Украинада Шевченко, Россияда эса Черчесов. Улар маҳаллий мураббийлари билан жаҳон чемпионатига чиқишди Ваҳоланки, уларда ҳам илгари номи чиққан жаҳон даражасидаги мураббийлар ишлашган. Аммо улар ҳеч нима қила олишмаган. Фикримча, Ўзбекистонни ўзбекистонлик мураббий бошқариши керак. Ана шунда кўпроқ фойдаси тегади. Ёки четдан чақирган тақдирда ҳам ҳеч бўлмаганда юқорида айтганимдек, ёрдамчиси ўзимиздан бўлиши керак эди.

Биз Абрамов билан жаҳон чемпионатига чиқа оламизми?
- Ҳаммасини Худо билади. Чунки ҳар сафар бизга озгина етмай қоляпти. Агар олдинги саралашлардаги хатоларимизни такрорламасак, менимча мундиалга чиқса бўлади. Тўғри, легионерларимиз яхши чемпионатларда ўйнашяпти. Лекин яна бир оғриқли жиҳати – бу ўзимизнинг чемпионатимиз билан боғлиқ. Афсуски, бизнинг чемпионатда футболчи ўсмаяпти. Мана, Англия чемпионатини кўринг, ўтган йили жуда қизиқарли кечди. Охиригача чемпионлик учун кураш кечди. Ёки Россия чемпионатини қаранг, бу йил бешта клуб чемпионлик учун қаттиқ курашяпти.

Бизда эса чемпион аллақачон маълум ва у бошқаларга қараганда икки баробар кўп очко йиғиб бўлган. Бошқа чемпионатларда эса бундай ҳолатни кўрмайсиз. Бундай бўлмаслиги керак ва биз чемпионатимиз мавқеини кучайтирмасак бўлмайди. Қачон бизнинг чемпионатимиз кучайса ва яхши легионерлар келса, шунда маҳаллий ўйинчиларимизда ўсиш кузатилади. Бу ҳам катта муаммоларимиздан бири. Шу боис биз ўзимизнинг чемпионатимизга ҳам жиддий қарашимиз керак. Эътибор берган бўлсангиз, саралашдаги ўйнаётган рақибларимизнинг чемпионатлари ҳам унчалик кучли эмас.

Кейинги босқичда эса Япония, Эрон, Австралия, Жанубий Корея каби термалар билан рақобатлашамиз. Уларда эса ички чемпионат анча кучли. Шунинг учун биз ҳам ўз чемпионатимизни кучайтиришимиз шарт. Ҳозирда Россияда клублар учун фонд ташкил этиляпти. Бу фонд эса клубларга ёрдам беради. Бизда ОФК Кубогини ютган жамоа бор. Бу – «Насаф». Ҳозирда эса улар қийин аҳволга тушиб қолишган. Молиявий ҳолати олдингидек эмас. Агар бизда ҳам клубларга ёрдам бериладиган фонд яратилса, рақобат кучаяди ва чемпионат савияси ҳам ортади.

Бизда эса фақат бир-иккита клубга яхши ҳомийлар топишади. Ҳозирча эса бизнинг чемпионатимизда савия паст. Бунинг учун эса вазиятни ҳал қилиш мақсадида кўпроқ ишлашимиз керак. Биз албатта жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак. Лекин мундиалга шунчаки чиқиш эмас, балки у ерда муносиб ўйнашимиз лозим. Хуллас, чемпионатимиз ривожланмаса терма жамоамиз ҳам ривожланмайди.

Манба: Sports.uz



 Добавление комментария


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

Мавзуга оид янгиликлар
  • Анчелотти: Роналдунинг ягона хатоси «Ювентус» сафига ўтгани бўлди 23 окт, 16:30
  • Тожикистон терма жамоаси аъзоси янги мавсумни "Насаф"да бошлаши мумкин 04 янв, 23:02
  • Дэвис кубогида Денис Истомин терма жамоага биринчи очкони келтирди 04 фев, 08:27
  • Ислом Тўхтахўжаев: Қуръа бизга ўтган йилгидан кўра бироз осонроқ рақибларни тақдим этди 13 дек, 19:20
  • Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси Фаластинни 6:0 ҳисобида мағлуб этди 12 мар, 13:31
  • «Локомотив» БААда Уммон клубини 10:1 ҳисобида мағлуб этди 24 фев, 11:56
  • Сўнгги янгиликлар
  • Элдор Шомуродов “Ростов”даги мавқеини бой берди 04 авг, 13:50 33
  • Ловрен Путин билан тушган суратини оммага кўрсатди (фото) 04 авг, 13:30 99
  • Икки ярим яшар болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга «кесилди» 04 авг, 13:08 632
  • Трамп АҚШ тарихидаги энг катта хатони айтди 04 авг, 12:47 285
  • Ажойиб трансфер. Ўрунов “Спартак”дан тўғри Бундеслигага кетади! 04 авг, 12:23 241
  • Йўқолган болани тимсоҳнинг қорнидан топишди (фото) 04 авг, 12:00 418
  • 5 август куни Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кутилмоқда? 04 авг, 11:39 313
  • Мусиқа остида ёруғлик шоу уюштиришга қодир Xpeng P7 электромобили (видео) 04 авг, 11:18 228
  • Француз аёлларидан ёзда терини қандай парваришлаш борасида 3 та олтин қоида 04 авг, 10:57 194
  • Мирзо-Улуғбек туманида содир бўлган жанжал ҳақида расмий маълумот берилди 04 авг, 10:36 715
  • Афғонистондаги турмага ҳужум вақтида қочган мингдан кўпроқ маҳбус ушланди 04 авг, 10:13 336
  • Замонамизнинг зўрлари: Месси тўпурарлар пойгасида Роналдуга ета оладими? 04 авг, 09:50 472
  • Бўлимлар