«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 28 2024, 21:00
ЎЗO‘Z

Ёлғоннинг ҳукми оғир

25 ноя, 06:02 5 918 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ёлғоннинг ҳукми оғир Ёлғон гапириш шариатимиз кўрсатмаларига кўра ҳар қандай ҳолатда ҳаром саналади. Чунки, ёлғоннинг оқибати соғлом муҳит ва манзарани иллатли ҳолатга олиб келади. Ҳар қандай ёлғон у хоҳ катта ё кичик бўлмасин, ишонувчи кишининг қалбида ёлғон фош бўлганидан сўнг, кетказиб бўлмайдиган доғга айланади. Унинг асорати кишига нисбатан ишончсизликни, ҳатто энг яқин кишилар ўртасидаги меҳр-муҳаббатни завол бўлишига олиб келади. Шунинг учун шариатимиз инсонлар яшаб турган бу жамиятни завол топмаслиги, кишилар бир-бирлари билан иноқ-тотув яшашлари учун ёлғоннинг барча туридан қайтарди. Ўзи нима учун ёлғон гапирилади? Ёки, сизга «ёлғон гапирганмисиз?», деб савол берилса, нима деб жавоб бериш мумкин?

«У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир». ("Қоф" сураси 18-оят)

Аслида ёлғон гапнинг ўрнида рост сўзлаш бор. Аммо, рост гапириш, кишининг нафси-ҳавосини қийнаб қўядиган пайтда, унинг ўрнига ёлғон ишлатилади. Киши нимадир нарсани йўқотиб қўйишдан қўрқиб ёки нимадир нарсага етишиш учун ёлғон ишлатади. Ана шу йўқолаётган ва қўлга киритилаётган нарса дунё матоҳидан бошқа нарса эмас. Эътибор берайлик, ёлғон фақатгина дунё нарсаси устидагина пайдо бўлар экан. У бойлик, мансаб, обрў, шараф шу каби бошқалардан кўра устун бўладиган жиҳатлар. У охират нарсаси учун ишлатилмайди. Киши нимадир нарсани қўлга киритиш учун ёлғон гапиради-да, озгина вақт ўтгандан сўнг, «тўғрисини айтсам ҳам бўларди-ку», деб қўяди. Бу ҳолатда киши ўзини алдаган ҳисобланади.

Ёлғонга фақат заруратда рухсат бор. Бу рухсат шариат белгилаган ўринларда зарурат ва шунга ҳожат тушгандагина бажарилади. Бу ерда маълум бир таълимотларни билишимиз керак.

Ёлғон катта гуноҳлар сирасига киради. Бу амални содир қилган киши динда қаттиқ қораланади. Дўзахга элтувчи бу гуноҳни, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай баён қиладилар: «Сидқ, албатта, яхшиликка, яхшилик жаннатга етаклайди. Киши токи рост гапирар экан, у Аллоҳ ҳузурида «сиддиқ» деган номга эга бўлади. Ёлғон, албатта, бузуқликка, бузуқлик дўзахга элтади. Киши токи ёлғон гапирар экан, Аллоҳ ҳузурида «каззоб» деб ёзиб қўйилади» (Муттафақун алайҳ).

Киши ҳаётида ёлғонни ишлатиш билан кўнгли тусаган барча орзу-ҳавасларига етиши мумкин, аммо, у Аллоҳнинг наздида «ёлғончи» деган ном билан чақирилади. Шу ном билан чақирилган кишининг жазоси дўзах бўлар экан.
Динимиздаги ёлғоннинг ҳукми оғир. Ҳатто, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ёлғонни куфрга яқин амал сифатида зикр қилганлар:

«Набий алайҳиссаломдан сўрашди:
— Мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?
— Ҳа, — дедилар.
— Бахил бўлиши мумкинми?
— Ҳа, — дедилар.
— Ёлғончи бўлиши мумкинми?
— Йўқ, асло! — дедилар.

Имом Молик ривояти.

Демак, мўмин киши ёлғон гапирганда имондан чиқиш хавфи бор экан. Ёлғонни гуноҳ санаб, ёлғон гапирса қаттиқ гуноҳкор саналади, аммо уни ҳалол деса, фуқаҳолар наздида диндан чиққан бўлади.

Ёлғоннинг улкан гуноҳ экани маълум. Аммо баъзан ҳаётда ростдан кўра ёлғон ишлатиш киши учун манфаатлироқ бўлади. Хўш, бундай вазиятда мусулмон қандай йўл тутади?

Ҳар қандай вазиятда мусулмоннинг мезони шариатдир. Қачонки, қилинган мақсадга рост гапириб ҳам, ёлғон гапириб ҳам эришишнинг имкони бўлатуриб, ёлғон танланса, мақсадга эришишнинг бу йўли ҳаром. Агар қилинмоқчи бўлган иш вожиб, яъни, бажарилишини шарт амаллардан бўлса, бундай ҳолатда бу ишни амалга ошириш учун ёлғон гапириш ҳам вожибдир. Масалан, бегуноҳ бир мусулмоннинг жонини золимнинг зулмидан фақат ёлғон билангина омон сақлаб қолиш имкони бўлса, шундай ҳолатда ёлғон гапириш вожиб бўлади. Чунки, мазкур вазиятда рост сўз бегуноҳ жоннинг ўлимига, ёлғон сўз эса ноҳақ қон тўкилишининг олдини олишга сабаб бўлади.

Умму Кулсум р.а. дан: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: «Учта ўринда ёлғонга рухсат берилган, «Орани ислоҳ қилиш мақсадида айтилган сўз, жангда (душманга ҳийла учун) айтилган сўз, (муроса учун) эрнинг хотинга, хотиннинг эрга айтган сўзи». Муслим ривояти.

Гоҳида одамлар орасида кўнгилхушлик учун, атрофдагиларнинг кайфиятини кўтариш учун ёлғон гапирувчилар ҳам учраб туради.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айнан шу ўринда: «Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кишига вайл бўлсин, унга вайл бўлсин, унга вайл бўлсин», дедилар. (Имом Аҳмад. Абу Довуд, Термизий, Доримий).

Демак, ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ҳазил-мутойиба ўринларда ҳам ёлғон гапириш гуноҳ, унга рухсат йўқ экан. Ҳазил-мутойибаларда ҳақиқатга далолат қиладиган сўзлар бўлса, жоиз саналади.

«Бир кампир Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киритсин», — деди.

«Эй Умму Фалон! Жаннатга кампир кирмайди», — дедилар. Шунда кампир йиғлаб қайтиб кетди. Бас, у зот: «Унга айтинглар, Жаннатга қари ҳолатда кирмайди», — дедилар». Термизий ривояти.

Ҳар қандай вазиятда рост сўзлаган кишининг ишида хайр-барака бўлади, юзи офтобдек иссиқ кўриниб, бошлаган иши саодатга эргаштиради.
Қобилжон АСЛАНОВ
Сирдарё вилояти «Абдухолиқ Ғиждувоний»
жоме масжиди имом-хатиби

Манба: ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги




Мавзуга оид янгиликлар
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 0
  • Қашқадарё вилоятида судья қўлга олинди 28 мар, 20:20 1
  • Жиззахда энергия ресурсларидан 7,5 миллиард қарздорликлар мажбурий ундирилди 28 мар, 19:31 10
  • Сурхондарёда ЙТҲда ҳайдовчи аёл ва унинг фарзандлари ҳалок бўлди 28 мар, 19:08 51
  • Коррупция даражаси ёмон ва яхши бўлган ташкилотлар эълон қилинди 28 мар, 18:23 30
  • Тошкентда қалбаки долларни сотишга уринган шахслар қўлга олинди 28 мар, 17:17 18
  • Сўнгги янгиликлар
  • «Толибон» Москвадаги теракт ташкилотчиларини йўқ қилишга ваъда берди 28 мар, 20:00 0
  • Жиззахда энергия ресурсларидан 7,5 миллиард қарздорликлар мажбурий ундирилди 28 мар, 19:31 10
  • Украина хавфсизлик хизмати раҳбари: «Савол ўринли, аммо биз тан олмаймиз» 28 мар, 19:30 69
  • Сурхондарёда ЙТҲда ҳайдовчи аёл ва унинг фарзандлари ҳалок бўлди 28 мар, 19:08 51
  • Ўзбекистонлик беш нафар ҳакам Қатардаги U-23 Осиё кубогида фаолият олиб боради 28 мар, 18:49 24
  • Коррупция даражаси ёмон ва яхши бўлган ташкилотлар эълон қилинди 28 мар, 18:23 30
  • UzAuto Motors автомобилларидан бирига шартнома беришни бошлайди 28 мар, 18:02 68
  • Рус нашрлари: «Крокус»да теракт уюштирганлар наркотик таъсирида бўлган 28 мар, 17:40 261
  • Тошкентда қалбаки долларни сотишга уринган шахслар қўлга олинди 28 мар, 17:17 18
  • Тошкентнинг “Бунёдкор” клубига янги бош мураббий тайинланди 28 мар, 17:00 156
  • Лезвия билан баданини кесган йигит ҳодисаси бўйича расмий маълумот берилди 28 мар, 16:44 197
  • Қандли диабет касаллигида рўза тутса бўладими? 28 мар, 16:20 110
  • Бўлимлар